Бош саҳифаМуҳимХарид пайти нималарга эътибор бериш керак? Истеъмолчилар...

Харид пайти нималарга эътибор бериш керак? Истеъмолчилар учун 6 муҳим қоида

Маҳсулот ҳақидаги маълумотда нималар кўрсатилиши шарт? Чек талаб қилиш нега муҳим? Нуқсонли товарни алмаштириш ёки нархини камайтириб олиш мумкинми? Харидор маҳсулотнинг саломатлиги учун зарарсизлиги ҳақида кафолат талаб қилишга ҳақли… hudud24.uz истеъмолчилар билиши муҳим бўлган 6 қоидани тавсия этади.

  1. Ҳар қандай маҳсулот харид қилишдан олдин у ҳақидаги маълумотларни текшириш керак.

Қонунчиликка асосан, сотувчи истеъмолчига ўзи сотаётган маҳсулот ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бунда мазкур маълумот маҳсулотнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки маҳсулотларнинг айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши мумкин.

Маҳсулот ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

  • маҳсулот номи;
  • унинг хусусиятлари;
  • мувофиқ келиши шарт бўлган мажбурий талаблар;
  • нархи ва сотиб олиш шартлари;
  • ишлаб чиқарилган санаси;
  • хавфсиз фойдаланиш қоидалари;
  • яроқлилик муддати;
  • яроқлилик муддати тугаганидан кейин келиб чиқадиган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • хавфсиз сақлаш шартлари;
  • келиб чиққан мамлакатнинг номи,
  • ишлаб чиқарувчининг тўлиқ номи ва жойлашган ери ҳамда манзиллари.

Маҳсулот тўғрисидаги маълумот давлат тилида ёки бошқа тилларда тақдим этилади.

Маҳсулот ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги тегишли орган кўрсатмасига асосан, бундай маҳсулотнинг сотуви тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

  1. Маҳсулот учун пулни исталган шаклда тўлаш мумкин.

Сотувчилар бирор бир маҳсулотни пластикдан харид қилсангиз қимматроқ, фақат нақд пулга олсангиз арзонроқ сотилади, дедими? Демак бу ноқонуний.

Қонунчиликка мувофиқ, маҳсулотлар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Маҳсулот учун тўлов нақд пулсиз шаклда тўланганда, истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкин.

Маҳсулотлар учун ҳақ тўлаш нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда (пластик картадан ёки пул кўчириш орқали) амалга оширилиши мумкин. Сотувчининг ҳақ тўлаш шаклига қараб маҳсулотнинг айни бир маркаси учун ҳар хил нархлар белгилаши, шу жумладан уларни сунъий равишда ошириши ёки пасайтириши тақиқланади.

  1. Харид чеки сотувчи ва харидор ўртасида тузилган шартномадир.

Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Маҳсулотни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади. Чунки, харид чеки сотувчи ва харидор ўртасида тузилган шартноманинг ўзига хос шакли ҳисобланади. Шунингдек, чек маҳсулотни қайтариш ёки алмаштириш жараёнида харид ҳақиқатданам амалга оширилганлигини исботловчи далил бўлади. Олинган чек, зарур ҳолларда истеъмолчига назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Шуни унутманг!!! Сотувчи маҳсулотни нақд пулга сотган тақдирда ҳам Сизга чек беришга мажбур.

Бундан ташқари, бугунги кунда истеъмолчиларнинг ҳар бир харидларини рағбатлантириш мақсадида QR-кодли чеклар бериш амалиёти йўлга қўйилган. Ушбу чеклар истеъмолчиларга ҳар бир харидидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк (қайтарма) суммаси олиш имкониятини беради. Ушбу кешбэк суммасини “SoliqUz” мобил иловаси орқали пластик картангизга тушириб олишингиз мумкин.

Бироқ, бунда бир қатор харидлар учун кешбэк қайтарилмаслигини унутмаслик лозим:

  • Агар чек 10 календарь кундан олдин берилган бўлса;
  • Сотиб олинган маҳсулотлар бўйича 1% лик кешбек аллақачон қайтарилган бўлса;
  • Автомобиллар, авиа ва поезд чипталарини сотиб олишда, коммунал ва алоқа хизматлари учун ҳақ тўланганда;
  • Эгасининг рухсатисиз бошқа чекларни рўйхатдан ўтказган шахслар;
  • Шубҳали харидорлар реестрига киритилган тақдирда.

Эслаб қолинг!!! Харид чекини тақдим этмаганлиги учун сотувчилар устидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасига шахсан ташриф буюриш орқали, 1198 қисқа рақамли ишонч телефонларига ҳамда 71-202-32-82 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

  1. Истеъмолчи маҳсулотнинг саломатлиги учун зарарсизлиги ҳақида кафолат талаб қилишга ҳақли.

Истеъмолчи ўзи сотиб олган маҳсулот санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ишлаб чиқарувчи маҳсулотнинг яроқлилик муддати мобайнида, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, маҳсулот сотилгандан эътиборан ўн йил мобайнида унинг хавфсиз бўлишини таъминлаши шарт.

Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқарувчи, норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган, мувофиқлик сертификати берган орган, соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли маҳсулотга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади.

Маҳсулотнинг хавфсиз бўлиши таъминланмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар маҳсулотнинг яроқлилик муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, ишлаб чиқарилган пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.

  1. Нуқсонли маҳсулотни алмаштириш ёки нархни камайтириб олиш мумкин.

Истеъмолчи сифатида нуқсонли маҳсулот харид қилсангиз ва агар бу ҳол маҳсулот харид қилиш пайтида айтилмаган бўлса, хоҳишингизга қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақлисиз:

  • маҳсулотни айни шундай маркадаги мақбул сифатлисига алмаштириб бериш;
  • маҳсулотни бошқа маркадаги шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш;
  • маҳсулотнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларни қоплаш;
  • харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
  • кўрилган зарар ўрнини қоплаш.

Бунда нуқсонлар кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган маҳсулотлар бўйича 6 ой мобайнида аниқланган бўлиши лозим.

Истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган маҳсулотлар бўйича эса, расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилган тақдирда кўриб чиқилади.

Истеъмолчи маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи уни айни шундай маркадаги маҳсулотга 7 кунлик муддатда, маҳсулот сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида алмаштириб бериши шарт. Айни шундай маркадаги маҳсулот бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш талаби бир ой ичида қондирилиши керак.

Ушбу муддатлар ўтказиб юборилган тақдирда ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун маҳсулот баҳосининг 1 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Маҳсулот кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, 10 кун ичида бепул бартараф этиши лозим.

Агар сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки етказилган зиён ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Эслаб қолинг!!! Тиббий буюмлар ва дори воситалари, шахсий гигиена буюмлари, пардоз маҳсулотлари, ипак ва синтетик газламалар тайёрланган товарлар, кабель маҳсулотлари, қурилиш ва пардозлаш материаллари, пайпоқ ва қўлқоплар, ошхона идиш-товоқлари ва анжомлари, мебель гарнитурлари, автомобил ва қайиқлар, металл қирқувчи ва ёғочга ишлов берувчи маиший дастгоҳлар, ҳайвонлар, ва ўсимликлар кабилар алмаштириб берилмайди.

  1. Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда тегишли ташкилотларга мурожаат қилинг.

Истеъмолчилар сотувчилар билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи муҳсулотнинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда: ҳокимликлар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳокимликлар истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар. Шунингдек, истеъмолчиларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқадилар ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судларга мурожаат этадилар.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган ишлаб чиқарувчига кўрсатмалар юборади, истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни судга қадар ҳал қилишни ташкил этишга кўмаклашади ҳамда суд мажлисларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мутахассис сифатида белгиланган тартибда иштирок этади.

Шунингдек, истеъмолчилар бузилган ҳуқуқлари юзасидан 1159 қисқа рақамли ишонч телефонларига, 71-207-46-00 рақамли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ягона рақамга мурожаат қилишлари мумкин.

Бундан ташқари, истеъмолчиларда бу борада тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор.

Мақсуд Мустафоев,

ҳуқуқшунос

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз