Хитой компанияси билан Ўзбекистонда умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири бошчилигидаги делегация аъзоларининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи доирасида бугун, 15 феврал куни Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр стансияларини қуриш бўйича CEEC ENERGY CHINAC компанияси билан англашув меморандуми имзоланди.
Таъкидлаш керакки, мазкур меморандум доирасида Хитой компанияси томонидан юртимизга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилади.
Ушбу қуёш фотоэлектр стансияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, станциялар 2024-йилда тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.
Бунинг натижасида йилига 5,2 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,4 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Томонлар ушбу йирик лойиҳаларнинг истиқболлари ва тез фурсатларда станциялар қурилиш ишларини жадал суръатларда амалга оширишга келишиб олдилар.