Ишхонамдан мени малака ошириш бўйича бир ҳудудга ўқишга юборишганди. Соғлигим бироз ёмонлашганлиги сабабли ўқишга қатнаша олмадим. Мазкур ҳудуддаги поликлиникадан меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасини олишим мумкинми?
Хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа сабабларга кўра яшаш жойида бўлмаган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бемор вақтинча бўлган жойдаги даволаш-профилактика муассасаси томонидан бош шифокор рухсати билан берилади.
Беморнинг аҳволи яхшилангач, даволанганлиги тўғрисида амбулатор картасидан кўчирма берилган ҳолда доимий яшаш жойига юборилади.
Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Хабибулло Мардиев жавоб берди.