“Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда белгиланишича, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида;
ҳарбий хизматчиларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида тўланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб:
- оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;
- оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;
- белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;
- қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида тураржой бўлмаган тақдирда).
2023 йил 1 июндан бошлаб:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳар бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласини оталиққа олади.