Шокир Воҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) омади кулган ёшлардан бири эди. У ёш бўлишига қарамасдан катта саноат маркази ҳисобланган Навоий шаҳар ҳокимлигида масъул лавозимда ишларди. Иши тушган ёши катталар ҳам унга “ака — акажон”, деб мурожаат қилар, ҳурматини жойига қўярди. Афсуски, у бу ҳурматга ўзини лойиқ кўрмади. Йўқса… тоифасидан бўлиб чиқди.
Пора билан қўлга тушган масъул ходимнинг “иши” жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Олий маълумотли, шаҳар ҳокимлигининг масъул лавозимида ишлаган Ш.Воҳидов ўз оёғига ўз қўли билан болта урди.
У фирибгарлик, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан, мансабдор шахсларга пора беришга даъват қилиш жиноятини қуйидаги ҳолатда содир этган.
Шокир Воҳидов ўтган йилнинг ёзида Ш.Муҳиддиновнинг марҳума онасидан қолган Навоий шаҳар, М.Улуғбек кўчасида жойлашган уйни унинг номига расмийлаштириб беришга ваъда беради. Ва А.Шариповнинг ишончига кириб, ундан шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган “Махсус комиссия”даги танишларга ишни битириш учун беришим керак, деб пора тариқасида 1 минг 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олади.
Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб,
2020 йил 13 август куни шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида А.Шариповдан ишни тезлаштириш учун яна пул сўрайди. Иши хамирдан қил суғургандек силлиқ кетаётганидан хурсанд бўлган фирибгар “ўлжа”сидан яна 500 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида Навоий вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ва Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент Навоий вилояти бошқармаси ходимлари томонидан, холислар иштирокида далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Хусусийлаштириш саҳнасидаги “олтин балиқ “ ролидаги А.Шарипов эса унинг найрангини ўз вақтида фаҳмлаб қолиб, ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилмаганида ҳамёнидан айрилиши аниқ эди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Ш.Воҳидов айбига тўлиқ иқрор бўлди. Ҳокимликда бор-йўғи икки йил ишлаган ходимнинг фирибгарлик ва порахўрлик бўйича шунча катта “тажриба” тўплагани, “қаловини топса қорни ҳам ёндирадиган” даражага етгани кишини таажжублантиради, албатта. Унинг бевосита раҳбари — шаҳар ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал соҳа ва коммуникациялар бўйича ўринбосари ўз ходимининг бу қинғир қилмишларидан бехабарлигини билдиргани эса кишини ажаблантиради. Қизиқ, муҳим ҳужжатларга қўл қўяётганида наҳотки, масъул раҳбар шунчалик эътиборсиз бўлса? Яна бир савол туғилади? Ҳар бир ҳужжат, ҳар бир қарор лойиҳаси ҳокимлик ҳуқуқшуносига тақдим қилиниши зарур эмасми? Ёки ҳужжатларнинг қонунийлигини ўрганиб, имзоси билан тасдиқлаши керак бўлган юрист ҳам Ш.Воҳидовга шерикми?
Жиноятга жазо муқаррар. “Қаҳрамонимиз”га ҳам қилмишига яраша жазо тайинланди.
Суннатжон БОЛТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири