Кўпинча ташкилотда ходимлар сони қисқарса, буни штатлар сони қисқариши деб тушунилади. Аммо ташкилотда ходимларни қисқартиришни иккига ажратиб талқин қилиш тўғри бўлади. Ходимни қисқартиришда лавозимни бекор қилишми ёки ходимлар умумий сонини камайтириш назарда тутилганми, буни аниқ белгилаб олиш зарур. Чунки икки тушунча ўртасида аҳамиятга молик фарқлар бор.
Ходимлар сонини қисқартириш жараёнини яхшилаб тушуниб олиш учун мазкур жараённи предмет ва объектга бўлиб, масалага мантиқий ёндашиш керак бўлади.
Сабаби, ходим ташкилотда нафақат лавозим эгаси, балки умумий ишчилар сонининг бир ишчи кучидир. Ходим ташкилотда маълум бир меҳнат вазифасини бажариш даврида унга тегишли ҳуқуқ ва бурчлар берилади, шундай экан, демак бу ўз навбатида маълум даражада ташкилотнинг локал норматив хужжатларида белгиланган лавозим бириктирилиши назарда тутилади.
Шу билан бирга лавозимидан қатъий назар ҳар бир ходим ташкилотда умумий ишчилар сонидан бир ишчи кучи ҳисобида саналади.
Демак, қисқартириш, биринчидан, ходимнинг ловозимига, иккинчидан, ходимлар сонига қаратилган ҳаракатдир.
Масалан, агроферма ташкилоти олма маҳсулотларини ички бозорга етказиб беради ва шу билан бирга маҳсулотнинг бир қисмини ташқи бозорга ҳам эскпорт қилади. Қўшни давлатларда уруш оқибатида чегара ҳудудларда нотинчликлар туфайли поезд йўлларидаги ҳаракатланиш тўхтатилди. Шундан кейин ташкилот раҳбари экспортга тайёрланган маҳсулотларни ички бозорга йўналтириб, бундан кейин экспортга чиқармасликка қарор қилади. Шунда ташкилотнинг экспорт бўлимидаги лавозимларга эҳтиёж қолмайди. Яъни, бўлим бошлиқлари ва етакчи мутахассислари лавозимидаги ходимларга эхтиёж йўқлиги туфайли ловозимлар қисқартирилади. Бу ерда ходимлар сони ташкилотда қисқартирилмаяпти, балки ходим ишлаб келган лавозим қисқарди.
Энди эса шу мисолнинг ўзида ходимлар сонига қисқартиришни кўриб ўтамиз: Мазкур агрофермада умумий сонда 100 нафар ходим ишлаб келади. Эскпорт бозорининг ёпилиши ва ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 50 фоиз камайтирилгани сабабли ташкилот молиявий жиҳатдан заифлашади. Бунинг оқибатида раҳбарият ходимларнинг умумий сонини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилади. Яъни ходимларнинг лавозимидан катъий назар ходимлар сонини 100 тадан маълум бир сонгача (50,60,70 тагача) қисқартириш вазифаси киритилган. Агрофермада ишлаб чиқариш ҳажми қисқаргани бу қадоқлаш бўлимида аввал 30 та ходим бўлса уларнинг 10 таси эндиликда етарли дегани.
Миллий қонунчлигимизда қисқартириш ходимларни сонини ёки лавозимни бекор қилиш объектларига бўлинмаган. Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра ходимлар сони (штати) қисқартириш, деб белгиланган холос. Бу ҳолатда қонунчиликка корхонада қисқартиришлар бўлганида лавозим ҳакида аниқлаштириш берилишини назарда тутадиган норма киритилиши лозим деб ҳисоблаймиз.
Азиз Ҳақбердиев,
ТДЮУ ўқитувчиси