Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариХолифилд ва Тайсоннинг жанги “Эски Жува” бозорида...

Холифилд ва Тайсоннинг жанги “Эски Жува” бозорида такрорланди

Бокс ихлосмандлари оғир вазн тоифасидаги собиқ машҳур боксчилар Эвандер Холифилд ва Майк Тайсон билан бўлган жангларни мароқ билан кузатгани шубҳасиз. 1997 йилдаги афсонавий жангчи, ёдингиздами? Унда Тайсон рақиби Холифилд қулоғининг бир қисмини узиб олганди. Буни қарангки, мазкур “жанг” “Эски Жува” бозорида такрорланди…

Гап шундаки, “Эски Жува”нинг сут маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо растаси “ринги”да 1993 ва 1994 йилда туғилган икки сотувчи аёл “жанг”га чиқди. Ўрталарида аввалдан бўлган келишмовчилик замиридаги ўзаро жанжал муросасиз “жанг”га уланди. Натижада 1994 йилда туғилган аёл қўшни савдо растасида сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи 1993 йилда туғилган ҳамкасбини уриб, ўнг қулоғини тишлаб олади.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, 1993 йилда туғилган судланувчи аёлга ўнг қулоқ солинчагини эзилиб йиртилган яраси, чап елка, чап болдир ички, ўнг сон ва ўнг болдир соҳалари қонталашлари, чап қўл 5-кафт суяги сатҳи, ўнг лунж ва ўнг товон соҳалари шилинмалари кўринишидаги баданнинг тузалмайдиган даражадаги хунуклашишига сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказилган.

Жанг жангдек ўтиши учун албатта жавоб “зарбалари” ҳам бўлиши табиий. Бироқ шуни унутмаслик керакки, бундай “жанг”ларнинг аччиқ “зарбаси”ни тотиб кўрган ақли расо киши ўзига хулоса қилади. Лекин сотувчи аёл муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан айбдор деб топилиб, жарима жазосига тортилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган.

Аёл айбига қисман иқрорлик билдирди: — Ўша куни эрталабдан савдо қилиш мақсадида иш жойимга келдим. Орадан бироз вақт ўтиб, ёнимга сотувчи ҳамкасбим ҳам келди. Бир неча соат вақт ўтганидан сўнг олдимизга харидор келди ва менинг маҳсулотим ёққанини айтди. Сўнг сотувчи ҳамкасбим маҳсулотим Қашқадарёдан келиши, сифати яхши эмаслигини айта харидорни қайтармоқчи бўлди. Шеригим ўз маҳсулоти солинган қошиқни узатди. Қўлини ортга итариб юборганимдан сўнг, у мени оёғи билан тепди. Сўнг у сочимга, мен эса унинг ёқасига ёпишдим.

“Карвон кўп, ризқи бўлак”, дейди доно халқимиз. Бироқ бу нақлни англамаган икки сотувчи аёл харидор талашиш ортидан суд курсисигача етиб боришди. “Жанг”га шу қадар берилиб кетганларидан ҳатто бирининг қулоғи узилиб тушганини оғриқ кучидан англайди.
— Бир вақт ўнг қулоғимда кучли оғриқни ҳис қила бошладим ва “қўйиб юбор” деб бақирдим. Ўша ердаги бир аёл шеригимнинг устидан челакда сув сепгач, у тўхтади ва юзига қараганимда оғзи қон эканини кўрдим. Шок ҳолатига тушиб, қулоғимга қўлим билан теккан вақтимда ўнг қулоғимнинг ярми йўқ эканини билдим, атрофдагиларга қулоғимни қидиришни айтдим, – дейди 1993 йилда туғилган судланувчи аёл.

Боксчи Холифилд ўша машҳур жанги ҳақида фикр билдираркан “бир томондан, бу жуда ёмон лаҳзалар, аммо айни пайтда яхши дақиқалар эди. Биринчидан, мен 35 миллион доллар ишладим, иккинчидан, жаҳон чемпиони бўлдим. Аммо, бу воқеадаги энг муҳим нарса, мен кечиришни ўргандим. Қандай бўлмасин, кечиришни ўрганиш керак”, деганди.

“Эски Жува”да ўтган “жанг”да “боксчи” аёллар катта миқдордаги пул ютуғи ва чемпионликни эмас, балки жарима ва озодликдан чеклаш жазосини “ишлаб олишди”. Аниқроғи, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Бобир Рахимов эълон қилган ҳукмга кўра, 1993 йилда туғилган сотувчи аёл қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбдор деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жазо тайинланди. 1994 йилда туғилган судланувчи аёл эса қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан айбдор деб топилди ва унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар суди матбуот котиби

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз