Халқимиз оқ халат кийганларга ҳурмат билан қарайди. Хоҳ шифокор, хоҳ ҳамшира ва хатто дори сотувчиси бўлсин, уларга нисбатан қандайдир ички ишонч бор. Оқ ранг тозалик, поклик маъноларини англатса, оқ халат эгаларини оқ кўнгиллилар, дея эъзозлаймиз. Дарҳақиқат улар бунга арзийди. Инсон ҳаёти, саломатлиги йўлида хизмат қилаётган барча касб эгалари эътирофга лойиқ.
Бироқ орамизда шундай кимсалар учрайдики, уларни қандай аташни ҳам билмайсан киши. Ичиқора, деган таъриф камдек, юзиқора, нафс қули каби иборалар қўшилиб келади. Нафси ҳакалак отган Шокир Тўраев ва Юлдуз Комиловани (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам қилмишлари сабаб ана шундай таърифлаш мумкин.
Икки нафар фарзанд кўриб ҳам, ҳаётга енгил қараб, турмушидан ажралган Юлдуз Комилова, болалар тарбияси билан шуғулланиш, ишлаб ҳалол пул топиш ўрнига ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишни маъқул кўради. Кунларнинг бирида телеграмм орқали Шокир Тўраев билан танишади. Янги таниши унга Республикамиз ҳудудида сотиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган, ҳомила тушириш учун қўлланиладиган дори воситаларини сотишда ёрдамлашса, мўмай даромад топиши мумкинлигини билдиради.
Шокир илгари ҳам жиноят йўлига кириб, қилмиши туфайли бир неча йилга қамалганини айтмайди, албатта. Бир дона таблетка бир доллар туришини эшитган Юлдуз, таклифга бажонидил рози бўлади. Бу иш қонунга ҳилофлигини, қолаверса, ҳам диний, ҳам инсонийлик тамойилларига хилоф эканини ўйлаб ҳам кўрмайди.
Юлдуз Комилова ижтимоий тармоқлар орқали харидорларини жалб қилишни бошлаб юборади. Астойдил йиғласа сўқир кўздан ёш чиқаркан, Юлдузнинг иши бароридан келиб, биринчи ҳаридор ундан икки юз дона дори топиб беришини сўрайди. Шокир мижозга дори воситаларини 5 млн. 400 минг сўмга пуллайди. Юлдуз мижознинг илтимосини бажарганидан руҳланиб, ўзини дорихона сотувчисидек ҳис қилади ва янги мижозлар излашга тушади.
Бу галги мижознинг илтимоси Юлдуз учун ҳам, Шокир учун ҳам кутилмаган бўлди. Сабаби мижоз ўзини аёллар шифокори ва бир қанча хусусий дорихоналар эгаси, дея таништириб, ҳомила туширадиган дори воситасини чекланмаган миқдорда сотиб олишини айтади. Бу таклиф икковлонни гангитиб қўяди. Улар қўшни давлатдаги танишлари орқали 2 минг 800 дона дори воситасини мамлакатимизга олиб киришади. Ҳар қандай йўл билан катта миқдорда даромадли бўлишни кўзлаган “дорихоначи”лар, бу галги мижозидан 9 минг АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга тушишди.
Ҳар ишнинг эгаси бор, дейишади. Киши ўзи яхши билмаган, тушунмаган иши билан шуғулланмасин экан. Яна инсон ҳаёти билан боғлиқ масалаларда хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хомҳаёлларга берилиб, охирини ўйламай, фақат бойиш истагида қилинган иш учун Шокир ҳам Юлдуз ҳам суднинг қора курсисида жавоб беришга мажбур.
Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси