Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариХусусий корхона ҳисобчиси компьютерлар ўғриси бўлиб чиқди

Хусусий корхона ҳисобчиси компьютерлар ўғриси бўлиб чиқди

Шаҳбоз Холиқовнинг хурмача қилиқларини эшитган ёки гувоҳи бўлган кимса беихтиёр “ўғирлик қонида бормикин?”, деган ўйга боради. Сабаб шуки, даставвал у 24 ёшида ўғирлик содир этиб 2019 йилда судланган эди. Уйланмаган, ёш, балки адашгандир, қилмишидан пушаймон, деган важлар билан кечиримлилик принциплари, қолаверса, инсонийлик нуқтаи назардан унга ишонч билдирилиб имкон берилган эди. Ўшанда унга уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилганди.

Аслида йигитнинг пушаймонлиги чин бўлса, у ушбу имкониятдан фойдаланиб, тўғри йўлга ўтиши, ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилиб оиласи, яқинлари, юрт олдида юзини ёруғ қилишга уриниши лозим эди. Аммо у нима қилди?

Нуфузли бир хусусий корхонада ҳисобчи вазифасида ишлаб юрган Ш. Холиқовнинг яна нафси “ҳаракат”га тушди. Яшаш тарзи, ойлик маоши, оилавий шароити яхшилигига қарамай, у яна ўғирликка қўл урди.

Жазирамада ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб, соя излаш билан банд. Шаҳардаги “Нур-Бегим” НТМ ўқув марказига ғализ мақсад билан келган Ш. Холиқов, бинонинг ертўласида жойлашган, компьютер дарслари ўтиладиган махсус хонага аввалдан кўзлаб юргани, компьютер жиҳозларини ўғирлаб кетиш учун ғайриқонуний равишда киради.

Муассаса раҳбари Н.Яҳёевага тегишли бўлган нархи 4 100 000 сўмлик 3 дона компьютер жамланмалари монитори, уларнинг 4 та оператив хотираси ҳамда шу ерда ўқитувчи бўлган Н. Холиқовга тегишли “Samsung” русумли ноутбукни яширин тарзда олиб чиқиб кетади.

Бу сафар “City-education”ни танлади

Ш. Холиқов шу билан чегараланмади. У ўз кирдикорларини давом эттириб, ўша куннинг ўзида тушдан сўнг шаҳардаги “City-education” номи остида фаолият юритаётган ўқув марказига келади. Аввалдан билгани компьютер технологиялари хонасига ғайриқонуний равишда кириб, у ердан 3 350 000 сўмлик “Lenovo” русумли ноутбукни ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Компьютерларни қўлга киритган ва айни вақтда ғоят қалтис ишга қўл урганидан кўнгли ғаш тортмаган бу кимса фурсатни ўтказмай ўғирлаган жиҳозларни сотиш илинжига тушади. Шаҳар марказида жойлашган “Мукаммал нигоҳ” номли савдо мажмуасига келади. У паспорт сўраган сотувчи йигитга ноутбуклар ўзиники эканлиги, пулга муҳтожлиги учун сотаётгани, паспорти ёнида эмаслиги ва албатта, нусхасини ташлаб қўйишига ишонтириб, иккита ноутбукни 1 550 000 сўмга келишиб, сотиб юборади. Пулларни эса ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлайди.

Навбатдаги «ов»

Пул ишлашнинг осон йўлини топдим, деб ўйлаган “олғир” орадан бир ҳафта ўтиб яна “ов”га чиқади.

У “55-Evrika” НТМ ўқув марказига келиб, абитуриентларнинг дарслари тугашигача кутиб ўтиради ва пайт пойлаб, у ердан 2 600 000 сўмлик “НР” русумли ноутбукни олиб чиқиб кетади.

Жабрланувчи З. Муҳиддиновнинг судда кўрсатма беришича, кундуз соат 16:30 лар чамаси дарсини тугатиб, бинонинг биринчи қаватида жойлашган ошхонага тушган. Шу пайтда зинадан кимнингдир юқорига кўтарилаётгани, оёқ товушини эшитган. У “абитуриентлардан биронтаси олдимга келган бўлса керак” деган фикр билан қўлидаги сув идишини обдон тозалаб ювиб, 5 дақиқа атрофида қайтиб чиққан.

Хонасига кириб, ҳеч ким йўқлигидан ҳайрон бўлиб турганда бирдан столи устидаги ноутбуги йўқлигини кўради. Аввал кимдир ҳазиллашган бўлса керак, дея ўйлаб, унинг олдига келиши лозим бўлган ўртоғи Асадбекка телефон қилади. “Мен ишдаман, ҳали бўшамадим”, деган жавобни олгач, воқеани унга айтади. Асадбекнинг “Зудлик билан ички ишлар бўлимига телефон қил”, дегани учун шаҳар ички ишлар бўлимига хабар беради.

Бу пайтда “Туя кўрдингми, йўқ!” қабилида осонгина иш битиряпман, ҳеч ким мени билмайди, дея чучварани хом санаган Ш. Ҳожиев ноутбукни сотиш учун “Зангори экран” савдо мажмуасига йўл олганди.

На қонун ва на одамийликни назар-писанд қилмаган ўғри йигит компьютер ҳужжатларини сўраган сотувчига ўзининг жавдираганнамо нигоҳи билан “Мен ҳужжатсиз, қўлдан олгандим компьютерни, пулга муҳтож бўлиб сотяпман”, дея яна важлар келтириб, паспорт нусхасини бериб, ноутбукни 1 800 000 сўмга сотиб чиқиб кетади.

Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган нақл бор. Лекин ўз вақтида хабар берилмаганда, балки бу ҳодисалар такрор ва такрор юз бериши ҳам мумкин эди. Ўз қилмиши билан яна суд курсисида бош эгиб ўтирган Шаҳбоз Холиқов пушаймон. Лекин у бу афсус-надоматларни чиндан ўтказяптими ёки йўқ буниси қоронғи. Зотан, у аввал ҳам шундай кўз ёшлар билан барчани ишонтирган, ўзини ҳалоллигини исботлашга сўз берган эди.

Суд ҳукми ҳар қандай ҳо­латда ҳам адолат, одиллик, хо­­­лислик, қонунийлик мезони сифатида тайинланади. Жиноятга берилган жазо эса, содир қилинган қилмишга тўлиқлигича монанд бўл­моғи зарур.

Шу маънода, суд Ш. Холиқовнинг бу галги қилмишини кўриб чиқаркан, жиноят ишидаги далилларни ҳар томонлама ўрганиб, Шаҳбоз Холиқовни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган ўғирлик жиноятини содир этганликда айбли, деб топди. Жиноятга қўл урган фуқарога нисбатан қонуний ҳамда адолатли жазо тайинланиб, суд томонидан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз