Юртимизни модернизация ва ислоҳ қилиш, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш жараёни изчил давом этмоқда. Ислоҳотлар мамлакатимиздаги барча соҳаларни қамраб олган. Бундан бош мақсад юртимизни янада демократлаштириш, қонун устуворлиги ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашдан иборат.
Бу борада 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжат кенг қамровлилиги билан эътиборга молик. Жумладан, фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Мулк ҳимоясига қаратилган бундай чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти, мақсади мулк ҳуқуқи кафолатини таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга, балки фуқароларнинг мулкдор сифатида ўз ҳуқуқларини яхши билишига ва ҳимоя қила олиш қобилиятини шакллантиришга ҳам қаратилди.
Чунки сўнгги йилларда мулк дахлсизлигига эътибор бермаётган мансабдор шахслар асоссиз равишда фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкини бузиб ташлаш, баъзи амалдорлар эса ҳар хил важлар билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, мулкдорга қасддан номақбул шартлар қўйиш каби ҳолатлар кўпайган эди.
Айни муаммолар мамлакатимиз иқтисодини тубдан яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Бундан ташқари, мамлакатимизга инвестиция киритаётган инвестор, аввало, юртимиздаги мулк ҳуқуқи қай даражада ҳимоя қилинаётганига алоҳида эътибор қаратади. Чунки тадбиркор ишлаб топган маблағини, мулкини тўлиқ тасарруф этишга ишончи комил бўлсагина сармоя киритади, бизнесини юритади. Шу боис мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш борасида бир қанча қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди.
Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча туртки бериш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий қамров даражасини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармон билан айрим раҳбарларнинг хусусий мулкни чеклашга қаратилган ноқонуний ҳаракатлари назоратга олинди. Масалан, Бош прокуратура ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси юкланди.
Ўтган йилларда аҳолининг уй-жойга бўлган талабларини ҳисобга олган ҳолда барча шаҳар ва туманларда кенг миқёсда қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилиб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи сезиларли равишда камайтирилди.
Аммо шу билан бирга кўпгина инсонларнинг яшаш жойи замонавий уйлар қуриш учун ҳокимлик органи ходимлари томонидан бузилиб, тегишли компенсация пуллари ўз вақтида амалга оширилмаган.
Фуқароларга компенсация пуллари ўз вақтида берилишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 3 августдаги фармойишига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ҳамда ушбу ҳужжат билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши кўрсатиб ўтилди.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши билан ер участкаларини олиб қўйиш ва ундаги кўчмас мулк объектларини бузишнинг янги тартиби жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ-манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлайди. Мулкдорлар ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича қўшимча кафолатларнинг белгиланиши эса уларга тегишли бўлган мулкларнинг беҳудага олиб қўйилиши ёки бузиб ташланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, хусусий мулкнинг етарлича ҳимоя қилиниши нафақат фуқароларимиз балки инвесторлар ҳам мамлакатимизда эртасини кўра бошлайди ҳамда ўз бизнес ғояларини ҳеч қандай хавфсирашларсиз амалга оширади.
Шакарбой Гаибназаров,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими