Бош саҳифаТаҳлилХусусий мулк дахлсизлигини бузиш жиноий жавобгарликни келтириб...

Хусусий мулк дахлсизлигини бузиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради

Мулк жамият ривожининг барча босқичида ҳам давлатнинг иқтисодий қудратини белгиловчи асосий омиллардан ҳисобланган. Зеро, жамиятдаги мулкий муносабатларнинг қандай йўлга қўйилганига қараб мамлакатнинг истиқболини белгилаш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциямизнинг 53-моддасида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”лиги белгиланган. Конституциянинг ушбу нормасидан мулк ҳуқуқи ҳар қандай шахснинг конституциявий ҳуқуқи деган хулосага келиш мумкин.

Хусусий мулкнинг дахлсизлиги, биринчидан, хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари давлат мулки эга бўлган каби барча ҳуқуқий кафолат ва имкониятлардан кенг фойдаланишида, иккинчидан, хусусий мулк манфаатларига қаратилган ноқонуний ҳар қандай аралашиш суд томонидан ҳимоя қилинишида, учинчидан, мулкдорга қарши турган барча субъектлар мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашида намоён бўлади.

Мулк ҳуқуқи шахснинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, уни бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг тақиқланишини тақозо этади. Жамиятда мулк ҳуқуқини эъзозлаш вазияти вужудга келтирилиши, унга нисбатан содир этиладиган ҳар қандай тажовуз муқаррар жавобгарлик ва жазога сазоворликни келтириб чиқариш лозим.

Ушбу ҳуқуққа тажовуз қилиш ҳар қандай давлатда тақиқланиши зарур. Фуқаролар ўзганинг мулки, мулкий ҳуқуқларини ҳурмат руҳида тарбиялашда жиноят қонунининг ҳам ҳиссаси мавжуд.

Дарҳақиқат, хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлиги бўзиш маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1921-моддаси хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутади.

Мазкур модданинг биринчи қисмида,  назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум этиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Мазкур модданинг иккинчи қисми бўйича, ўша ҳаракатлар: а) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, шунингдек,  ўша ҳаракатлар: а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, учунчи қисми бўйича жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Хусусий мулк ўз мол-мулкига хусусий тарзда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир. Хусусий мулк мулкдорнинг ишлаб чиқариш жараёнида ва (ёки) ёлланма меҳнатни қўллашда шахсан бевосита иштирок этишига асосланиши мумкин.

Мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш деганда, хусусий мулк ҳуқуқи эгасининг эркига қарши унинг мулки ёки мулкий ҳуқуқини муайян бир муддатга ёки миқдорда чеклаш тушунилади. Мазкур ҳолатда хусусий мулкдор ўз мулки ёки мулкий ҳуқуқидан қисман фойдалана олади.

Мулк ҳуқуқидан қонунга хилоф равишда маҳрум этиш деганда, хусусий мулк ҳуқуқи эгасининг эркига қарши унинг мулки ёки мулкий ҳуқуқига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тушунилади. Мазкур ҳолатда хусусий мулкдор ўз мулки ёки мулкий ҳуқуқидан тўла маҳрум бўлади.

Хусусий мулкка тажовуз қилиш деганда, мулкнинг эгасига тегишли бўлган мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига даҳл қилиши тушунилади.

Мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш деганда, қонунга хилоф хусусий мулк эгасидан унга тегишли бўлган бўлган мулк ёки мулкий ҳуқуқлардан воз кечишни талаб этиш тушунилади. Мазкур ҳаракатлар амалга оширилганда талон-торожнинг белгилари мавжуд бўлмаслиги лозим. Агар бундай белгилар мавжуд бўлса шахснинг ҳаракатлари талон-торож билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган нормалар билан жавобгарликка тортилиши лозим (ЖК 164-169-моддалари).

Хорижий давлатлар тажрибаси

Хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини бўзганлик учун жиноий жавобгарлик хорижий давлатлар қонунчилигида ўзига хос аҳамиятга эгадир.

Европа давлатлари, шунингдек Болтиқбўйи давлатлари – Латвия, Литва ва Эстония жиноят қонунларини ўрганиш давомида мансабдор шахслар томонидан хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини бўзганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутилган нормалар мавжуд.

Шунингдек, айрим давлатлар (Болгария, Польша, Франция, Швеция)да хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган махсус жиноий-ҳуқуқий нормалар мавжуд эмас. Аксинча, Беларусь Республикаси, Украина, Германия ва Испания жиноят қонунчилигида бундай нормалар кузатилади.

Франция ЖКда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигига қарши жиноятлар “Мулкий жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар” деб номланган Учинчи Китобда назарда тутилган. Унда тадбиркорлик соҳасидаги фирибгарлик (3131, 3132-моддалар) ва сохта тўловга қобилиятсизликни келтириб чиқариш (3147, 3148-моддалар) жиноятлари назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, аксарият Европа давлатлари жиноят қонунчилигида хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини бўзганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи махсус нормалар учрамайди.

Ривожланган Осиё мамлакатлари, жумладан Жанубий Корея жиноят қонунчилигида ҳам хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жавобгарлик бошқачароқ шаклларда ифодаланган. Жумладан, Корея ЖКнинг “Кредит, бизнес ва аукционга қарши жиноятлар” деб номланган XXXIV бобида “Бизнесга тўсқинлик қилиш” номли 314-модда келтирилган. Ушбу моддада назарда тутилган қилмиш бошқа шахснинг бизнесига ЖК 313-моддада назарда тутилган усуллар ёки куч ишлатиш билан қўрқитиб тўсқинлик қилганликда ифодаланади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида бошқа шахснинг бизнесига тўсқинлик қилиш жиноятининг усуллари кўрсатилган. Жумладан, бошқа шахснинг бизнесига тўсқинлик қилиш жиноятини шикаст етказиш, қурилма ва иншоотларни бузиш, шу жумладан, компьютер ёки бошқа махсус алоқа воситалари, ахборот ташувчи қурилмаларга электромагнит воситалар орқали ёхуд ёлғон маълумотлар киритиш, ғайриқонуний буйруқ бериш каби ҳар қандай турдаги аралашувда ифодаланади.

Шу ўринда Корея ЖКнинг 313-моддасида бошқа шахсга тегишли кредит маълумотларига ёлғон ёки бошқа усулда алдаш, чалғитишга олиб келувчи маълумотлар киритганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, айрим давлатларда фирибгарлик йўли билан хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари учрайди. Фирибгарлик учун ҳам кўпгина хорижий давлатлар қонунчилигида жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Масалан, Қозоғистон (ЖК 190-моддаси), Арманистон (ЖК 178-модда), Азарбайжон (ЖК 178-модда), Молдова (ЖК 190-модда), Грузия (ЖК 180-модда), Украина (ЖК 190-модда), Беларусия (ЖК 209-модда) ва Россия (ЖК 159-модда) жиноят қонунларида биргина фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хитой давлати Жиноят кодексининг 192-198-моддаларида фирибгарлик учун жавобгарлик белгилаган. Хитой давлатида фирибгарлик алдов асосида жиноятнинг усули ва предмети турларига кўра, ноқонуний пул маблағларини йиғиш, сақлаш, банкдан ёки бошқа кредит ташкилотларидан фирибгарлик йўли билан кредит олиш, вексил, аккредитив кредит картлари билан боғлиқ фирибгарлик турларига ажратилган.

АҚШ жиноят қонунчилиги бўйича фирибгарлик деганда алдов тусига эга бўлган усул, келишув ва серқирра ҳаракатлар тизими тушинилади (АҚШ намунадаги ЖКси 224-моддаси). АҚШ жиноят қонунига мувофиқ фирибгарликнинг кўзбўямачилик тусидаги мурожаатларга оид, компьютер, банк, солиқ, почта, телемаркетинг, банкротлик, кредит карталаб орқали, тиббиёт, ҳукумат ташкилотларига қарши, суғурта, қимматли қоғозлар айланмасига оид турлари мавжуд.

Япония жиноят қонунчилигида фирибгарлик бошқа шахсдан мулкни алдаш орқали эгаллашни англатади (Япония ЖКси 246-модда). Япония жиноят қонунига кўра, агар шахс ўзи ёки бошқа шахс учун ноқонуний мулкий фойда кўриши ҳам фирибгарлик ҳисобланади.

Франция жиноят қонунчилигида фирибгарлик жисмоний ёки юридик шахсни алдов асосида чалғитиб, бегона исм, ёлғон мавқе ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар ёки бошқа мулкларни ўзлаштиришда ёки уларни ўзларига наф келтирмайдиган битимлар тузишига эришишда ифодаланади.

Германия жиноят кодексида фирибгарлик оддий, алоҳида оғир, компьютер, субсидия олишга қаратилган, капитал киритишга оид, кредит турларига бўлинади. Шунингдек, Германия жиноят қонунида тўлов ва банк карталаридан алдов йўли билан фойдаланиш, суғурта соҳасидаги ишончни суиистеъмол қилиш каби жиноят таркиблари ҳам мавжуд.

Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизда хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Яъни хусусий мулк дахлсиздир, уни ғайриқонуний равишда бўзиш жавобгарликни келтириб чиқаради.

Саломат Ниёзова,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси профессори, ю.ф.д.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз