Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқХусусийми ёки давлат нотариуслари: қай бири ишончли?

Хусусийми ёки давлат нотариуслари: қай бири ишончли?

Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланиши билан нотариат соҳасида улкан ислоҳотлар бошланди. Унга мувофиқ, 2020 йил май ойида 800 зиёд нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланишга ўтди. Республика бўйича атиги 8 та давлат нотариал идоралари мавжуд бўлиб, улар ҳам чекка туманларда фаолият кўрсатади.

Кўпинча фуқаролар “Кимга мурожаат қилсам экан? Давлат нотариусигами ёки хусусий нотариусгами?” — деган савол билан мурожаат қилишади.

 

Ҳақиқатан ҳам қаерда қулай? Қаер ишончлироқ?

Аслида давлат нотариал идоралари, юқорида айтганимиздек, фақат чекка ва аҳолиси кам туманлардагина қолган.

Қулай ва ишончлилигига келсак, Давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар нотариуслар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга.

 Унда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг давлат нотариусидан фарқи нимада?

Биринчидан, нотариуслар ўзини-ўзи молиявий ва моддий-техник жиҳатдан мустақил таъминлайди.

Иккинчидан, жамиятда нотариусларнинг фаоллиги ошди.

Учинчидан, нотариал идораларда навбат кутиш муаммоси бартараф этилди.

Тўртинчидан, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига барҳам берилди. Фуқароларнинг идорама-идора югуриб, сарсон бўлиб юришларига чек қўйилди.

Бешинчидан, нотариат соҳасида эркин рақобат муҳити шаклланди ва нотариуслар аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Олтинчидан, нотариуслар сонининг кўпайганлиги оқибатида, аҳолида нотариусни танлаш имкони пайдо бўлди.

Еттинчидан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириши натижасида нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган жисмоний ҳамда юридик шахсга ва (ёки) нотариал ҳаракатни амалга оширишдаги учинчи шахсларга етказилган мулкий зарарни қоплаш мажбурияти ҳамда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгилаб қўйилди.

Оддий айтганда, энди ноқонуний иш қилган хусусий нотариус жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий, моддий ва маънавий зарарни суғурта товони ҳисобидан, ўз мулки билан тўлайди ҳамда лицензиясидан маҳрум қилинади.

Давлат нотариуси эса ноқонуний нотариал ҳаракатни амалга оширса интизомий жавобгарликка тортилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун белгиланган тўловларнинг максимал миқдоридан кам миқдорини ундиришга ҳақли.

Шу билан бирга, нотариусларнинг манфаатдорлиги ошганлиги натижасида фуқаролар нотариусни эмас, нотариус фуқароларни кутади.

Эътиборлиси, нотариус қабулида фуқароларнинг тўпланиб қолиши, сунъий навбатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун электрон навбат олиш ёки реал вақт режимида исталган ҳудуд нотариусларидан маслаҳатлар олиш имконияти яратилди.

 

“E-notarius.uz” орқали нотариусни танлаш ва электрон қабулга ёзилиш имконияти бор

 Яъни, нотариат тизими автоматлаштирилди, “e-notarius.uz” сайти ҳамда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга тушди. Эндиликда нотариусга мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаро юқоридаги сайтдан ўзига яқин ҳудудда жойлашган нотариусни танлаши ва электрон қабулга ёзилиши мумкин. Белгиланган вақтда идорага ташриф буюрган мижозга “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хизмат кўрсатилади. Айниқса, мижозларнинг тўлови ҳақида смс-хабар уларнинг телефон рақамига пул ўтган заҳотиёқ юборилиши ортиқча тўлов ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қиляпти.

Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.

Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нафақат нотариус қабулига навбатга ёзилиши, шунингдек, битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Бунда, нотариус ёки нотариал идора ходими мурожаат қилувчини нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўяди. Нотариус мурожаат қилувчиларнинг шахсини аниқлайди. Бунда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади. Бу эса, ўз навбатида, мурожаатчининг вақтини тежайди.

Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ўрганилиб, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиб келинмоқда.

Жамиятда очиқлик, шаффофлик тизими доираси кенгайиб борар экан, қонундан четга чиқиш эшиклари бирин-кетин ёпилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Адлия вазирлиги томонидан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга жорий этилганидан кейин соҳада қонун доирасидан четга чиқиш эшиклари деярли ёпилди.

“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида нотариуснинг барча ҳаракатлари яққол акс этади. Қайси нотариал ҳаракат учун қанча пул тўлаш аниқ ва бу ҳам назорат қилиб борилади.

 

Нотариат соҳаси ижтимоий тармоқларда фаоллашди

Шу билан бирга  “Тelegram” месенджерида “Нотариус маслаҳати” расмий канали ва “Facebook” ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифалар орқали фуқаролар ўзлари учун муҳим ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлишди.

Шундай қилиб, нотариус давлат нотариуси бўладими ёки хусусий амалиёт билан шуғулланадими, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда қатьий қонунга риоя этиши лозим. Нотариуснинг асосий мақсади: нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юридик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш, нотариал ҳаракатларнинг қонунийлигини текшириш ва ҳужжатда қайд этилган фактларга исботловчи куч беришдан иборатдир.

 

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз