Донишманд йўлда бир одамни учратиб қолди. У оғир ва машаққатли меҳнатдан чарчаган, ҳолдан тойган эди.
– Ўзингни бунча қийнамасанг, – деди донишманд ачиниб.
– Ҳа, тўғри, ишим ва меҳнатим оғир. Аммо мен болаларим ва невараларим бахтли бўлиши учун ҳаракат қилаяпман. Отам шундай қилган, отамнинг отаси ҳам шундай қилган, отамнинг отасининг отаси ҳам оғир меҳнат қилган.
– Яхши, аммо айт-чи, санаганларингдан кимдир бахтли бўлганми?
– Йўқ, келажакда фарзандларимиз бахтли бўлади, насиб этса…
– Ҳамма гап шунда. Сен ўзинг бахтли бўлмасанг, фарзандларинг ҳам бахт нималигини билмай ўтиб кетади. Бахтли бўлишни ўзингдан бошла, бу сенинг фарзандларингга энг катта совғанг бўлади.