2021 йилги давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Давлат дастури лойиҳасида таълимга оид қуйидаги таклифлар берилмоқда:
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
1. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этиш.
Бунда тегишли ташкилотлар 2021 йил 1 июнга қадар Президент грантини ажратиш тартибини ишлаб чиқади ва ОТМларга кириш имтиҳонларида балл тўплаган шахслар тўғрисидаги очиқ маълумотларни назарда тутувчи ягона электрон реестр шакллантирилади.
2. Олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади.
3. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади, шунингдек, хусусий ОТМларда мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади.
4. Академик таътилни беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
- академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар ОТМда бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади;
- оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқи берилади;
- талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилинади;
- академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.
5. Илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли ОТМларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади.