Индонезияда юз берган зилзила натижасида вафот этганлар сони 34 кишига етди. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар бермоқда.
Индонезиялик қутқарувчилар Ғарбий Сулавеси вилоятининг Мамужу туманида яна саккиз кишининг жасадини топишди. Аввалроқ агентлик 26 киши қурбон бўлгани ва 600 дан ортиқ кишининг жароҳатлангани ҳақида хабар берганди.
Маҳаллий метеорология хизматининг хабарига кўра, агар яна ерости силкинишлари юз берса, цунами юз бериши мумкин. Айни пайтда табиий офат юз берган ҳудудга Индонезия Президенти Жоко Видодонинг топшириғига биноан бир қатор ҳукумат расмийлари, вазирлар етиб боришган.
Agence France-Presseнинг маҳаллий қутқарув хизматига таяниб берган хабарига кўра, Мамужу шаҳрида қулаб тушган шифохона харобалари остида камида 10 киши бўлиши мумкин.
Сулавеси оролида пайшанба ва жума кунлари 5,7 ва 6,2 магнитудали зизилалар қайд этилган. Икки мингдан ортқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Табиий офат туфайли 60 дан ортиқ бино, жумладан, маҳаллий губернатор идораси ва меҳмонхона вайрон бўлган.
Индонезияда зилзила қурбонлари сони 34 кишига етди
