“Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида шундай деб таъкидлади. Шу маънода, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилгани бежиз эмас.
Таълим, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш масаласи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – таълимнинг узвий ва ажралмас қисмидир.
Бу ҳақда фикр юритганда, Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими томонидан 2022 йилда амалга оширилган айрим амалий ишларга тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Президентимиз Мурожаатномасида қайд этилганидек, “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”.
Ўтган йили “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасидан иборат ҳужжатлар тўплами тайёрланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Инсон ҳуқуқлари», «Аёл ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини барча таълим муассасаларининг ўқув дастурига киритиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида инобатга олинган.
2022 йил 26-27 май кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ўтказилди. Бу машғулотлар Президентимизнинг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўқув курслари дастури ишлаб чиқилди ва машғулотларда халқаро экспертлар иштироки таъминланди. Ўқув курсларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан прокуратура органларида тергов тармоқлари устидан назорат бўлими, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими прокурорлари – жами 30 нафар тингловчи иштирок этди. Ўқув курси якунида иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ташаббусига мувофиқ, 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида Глобал форум ўтказилди. Форум инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича муаммолар муҳокамаси ва ечимларига бағишланди.
Глобал форум доирасида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада мингдан ортиқ китоб ва 250 номдаги илмий журналлар намойиш этилди. Ушбу адабиётлар Миллий марказ томонидан Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети кутубхонаси ва А.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят илмий-универсал кутубхонасига беғараз асосда тақдим этилди.
Форум якунида адлия ва ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, ходимлари, судьялар, адвокатлар, профессор-ўқитувчилар, юридик таълим муассасалари бакалавр ва магистратура талабалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Маҳорат дарсида 7 мингдан ортиқ иштирокчи онлайн ва офлайн тарзда қатнашди.
Бундан ташқари, 2022 йил 15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессиясида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилишига тайёргарлик кўриш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси тайёрланди.
Парламент комиссиясининг “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2022 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя қилиш бўйича Парламент комиссияси йиғилишида Ҳукумат делегацияси аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Олтинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳисобот тингланди.
Янада муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш мақсадида вазирлик, идора ва ташкилотлар масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан қонунчилик ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш йўналишлари белгилаб олинди. Режа-жадвал, саволномалар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Режа-жадвал асосида 13-14 октябрь кунлари Тошкент вилояти ва 20-21 октябрь кунлари Фарғона вилоятида тегишли қонунларнинг ижроси ўрганилди.
Шундай қилиб, Мурожаатномада алоҳида эътибор қаратилган таълимнинг узвий ва ажралмас қисми ҳисобланувчи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасида ўтган йили катта натижаларга эришилди ҳамда айни вқтда бу борадаги истиқболдаги муҳим вқазифалар белгилаб олинди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”.
Фарход ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи