Бош саҳифаТаҳлилИнсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда –...

Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда – Янги Меҳнат Кодексининг ўрни

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Бугунги кунда барчамизнинг ҳаётимизнинг асосий қисми ишда ўтади, шу сабабли эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлашимиз ҳамда ишсизликдан ҳимояланишимиз Бош Қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганлиги билан бирга, ушбу ҳуқуқларимизнинг асосий ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳисобланади. Амалдаги Меҳнат кодексимиз Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги 161-I-сонли Қонуни билан қабул қилинган бўлиб, 1996 йил 1 апрелдан кучга кирган ва бугунги кунга қадар амалда фойдаланиб келяпиз. Ушбу Кодексга амалга киритилган буён бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Меҳнат ресурслари ва корхоналарнинг сони ортаётганлиги, иқтисодиётимизда хусусий сектор улуши ошаётганлиги ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўплаб қулай шароитлар яратиш мақсадида янги Меҳнат Кодексини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда эди.

Дастлаб, янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш вазифаси 2017 йил
7 февралда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган эди.

Шу мақсадда узоқ йиллик тайёргарлик кўрилган ҳолда янги Меҳнат Кодекси лойиҳаси тайёрланди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев меҳнат қонунчилигига фуқароларни меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янгича ёндашиш юзасидан Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ташкил этилган видеоселекторда таъкидлаб ўтдилар.

Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги кунда инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланмоқда ва ҳаётимизга “Инсон – жамият – давлат” деган қоида жорий этилмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 14 октябрь куни қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан 2022 йил 17 мартда маьқулланган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 28 октябрь куни имзоланди. Қонуннинг талабларига асосан Меҳнат Кодекси расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Хўш, ушбу Кодексда фуқароларнинг меҳнат қилишларини кафолатловчи ва уларга қулайликлар яратувчи қанақа янги нормалар мавжуд, қисқача шулар тўғрисидаги тўхталиб ўтсак.

Энг аввало амалдаги Меҳнат кодексимиз 2 та қисм – умумий ва махсус қисмлар, 15 боб ва 294 та моддадан иборат бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексимиз 2 қисм – умумий ва махсус қисмлар, 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборатдир. Бундан кўриниб, турибдики янги таҳрирдаги МК амалдагисидан ҳажм жиҳатдан деярли икки бараварга катта.

Амалдаги МКда ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилиши белгиланган эди. Амалиётда ўн беш ёшга тўлмаган болаларнинг турли соғликларига ва камолотларига зиён етказмайдиган, маълум ҳақ тўланадиган машғулотларига иштирок этса ҳам уларнинг бу фаолиятлари меҳнат қонунчилигида ўз аксини топмаганлиги маълум ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Мазкур муаммолар янги қабул қилинган Меҳнат Кодексининг нормалари билан бартараф этилди. Хусусан, Кодекснинг 118-моддасида, маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, амалдаги МКда дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги қайд этилган бўлса, янги МКда эса, дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланмоқда. Мазкур норманинг киритилиши айрим давлат корхоналаридаги рахбар ва унинг ўринбосарлари, шунингдек бош бухгалтерларнинг меҳнатга бўлган муносабатларини ва билимларини янада жиддийроқ ўрганиш имкониятини яратади.

Амалдаги МКда меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин эди:

1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;

2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

3) муддатнинг тугаши билан;

4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;

5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.

6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Суд амалиётида мазкур нормаларнинг аниқ ва тушунарли қайд этилмаганлиги оқибатида Иш берувчи билан Ходим ўртасида меҳнат шарномасини бекор қилишда маълум келишмовчиликларни туғдирарди. Қолаверса, нормаларни аниқ кўрсатилмаганлиги оқибатида низолар суд жараёнида кўрилишида ҳам судьяларга ноқулайликлар туғдирарди. Айниқса, МК 97-моддасидаги тарафларнинг келишуви асосида ёхуд 99-моддада қайд этилган ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинишида жуда кўплаб низолар келиб чиқарди.

Янги МКда эса меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат бўлди:

1) тарафларнинг келишуви (ушбу Кодекснинг 157-моддаси);

2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши (ушбу Кодекснинг
158-моддаси);

3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 160-моддаси);

4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 161-моддаси);

5) ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 156-моддасининг бешинчи қисми);

6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 137-моддасининг тўртинчи қисми);

7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши (ушбу Кодекс 146-моддасининг бешинчи қисми);

8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми);

9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ушбу Кодекснинг 168-моддаси);

10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш (ушбу Кодекснинг
169-моддаси);

11) ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.

Амалдаги МКда номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиши 100-модданинг иккинчи қисми 7-бандида мавжуд бўлиб, айниқса олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари томонидан келиб тушаётган даьво талабларидан мазкур норманинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида қайд этилган нормасига номувофиқлиги яққол кўриб турилсада, адолатсиз қабул қилинган буйруқларни ғайриқонуний деб топиб, бекор қилиш имконияти мавжуд эмас эди. Ушбу норманинг янги МКга киритилмаганлиги ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқининг яққол намунаси бўлди.

Бугунги кунда иш берувчилар томонидан ходимларни ишдан бўшатиш тартибига риоя қилинмасдан, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолатларида ҳам суд томонидан иш берувчининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномасига асосан даъвони рад этилиш ҳолатлари сони ҳам салмоқли рақамларни ташкил этмоқда. Амалдаги МКда ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат белгиланган бўлса, янги МКда ушбу муддат, яъни ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланмоқда. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим ўрин касб этади.

Булардан ташқари, ишдан бўшатиш нафақасининг иш берувчида ишлаган иш стажига қараб дифференциялашган миқдорлар белгиланмоқда. Амалдаги МКда ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги қайд қилинган бўлса, янги таҳрирдаги МКда эса ушбу миқдор қуйидагича белгиланмоқда, яъни ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у: уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан; уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан; беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан; ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан; ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Янги МКда ходимларни дам олиши ҳуқуқини таъминлаш мақсадида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, меҳнат таътилининг минимал давомийлигига ҳам ўзгартириш киритилмоқда, яъни амалдаги МКда ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилиши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги МКда эса ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этиши белгиланмоқда. Бу ходимларнинг йил давомида қилган меҳнати учун яхши дам олишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди деб ўйлайман.

Юқорида таъкидлаганимдек, янги таҳрирдаги МК амалдаги МКдан ҳажм жиҳатдан қарийб икки барабар катта. Кўрсатиб ўтилган ўзгаришлар эса хамма ходимларнинг қизиқтирадиган ўзгаришлар деб ўйлайман.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган инсон ҳуқуқи олий қадрият  эканлиги мазкур қабул қилинган Меҳнат Кодексининг нормаларида ўз аксини топган бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларини қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишда ўз самарасини беради деб ишонаман, натижада эса судларимизнинг ҳақиқий “Адолат қўрғони”га айланиши муқаррардир.

Ғайрат Эргашев,
фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро судининг раиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз