Ҳа, буюк ёзувчи ва файласуф Фёдор Достоевский минг карра ҳақ: “Инсониятни болаларсиз бунчалик севиб бўлмасди!” Болалар ҳақиқий мўъжизанинг ўзи. Уларсиз яшаб бўлмайди. Улар бизнинг бахтимиз, ҳаётимиз мазмуни. Уларни бошимиздан баландга кўтаришимизнинг, юрагимиз тўрида ардоқлашимиз, кипригимизда асрашимизнинг буюк ҳикмати бор.
Ҳар йили 1 июнни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлаймиз. Болаларга олам-олам қувончлар ҳадя қилаётган ушбу кун 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида таъсис этилган. 1950 йилдан буён эса байрам сифатида нишонланиб келинади.
Болалар дунёси…
Бу дунё шунчалар беғуборки, кўриб кўзинг қамашади, қувончдан юрагинг ҳаприқиб кетади. Ширин табассумидан олам ёришгандек бўлади. Ҳа, шунинг учун ҳам барча яхши нарсаларни болажонларга беришни улуғ бир қадриятга айлантирганмиз. Ва ана шу қадриятлар бизни жуда кўплаб ёмонликлардан, нотўғри йўллардан, кераксиз хаёллардан асрайди. Улар бизни яшашга, энг оғир дамларда ҳам кучли, қудратли бўлишга ундайди.
Юртимиз болалари — энг бахтли болалар. Ўзи емасдан боласига едиришга, ўзи киймасдан боласига кийдиришга ўрганган халқмиз. Чексиз имкониятлар, беҳисоб меҳр-муҳаббат оғушида камолга етаётган дилбандларимиздан ҳеч нарсани, ҳатто жонимизни ҳам аямаймиз. Болаларга берилаётган имкониятлар, имтиёзлар, уларга аталган энг яхши совғалар шунчалар кўпки, уларни санаб саҳифаларни тўлдириш мумкин. Бу гал ундай қилиш фикридан қайтдик. Чунки болалар ҳимояга муҳтож инсонларимиз экан, уларнинг ҳаётида айтсак ҳам, айтмасак ҳам, албатта хавф ва хатарлар, ноҳақликлар, ҳуқуқ ва манфаатларнинг топталиши бўлиши аниқ. Кейинги вақтда бунга тез-тез гувоҳмиз.
Биласизми?!
Болаларнинг беғубор кулгуси ортида қанча-қанча дардлар, армонлар, аламлар борлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Ўз яқинлари томонидан калтакланган болалар, бешафқат одамлар томонидан ўғирланган, хўрланган, ўлдирилган болалар, афсуски, ҳамма ерда, бизда ҳам бор. Ўз омадсизлигининг аламини бегуноҳ боладан оладиган ожиз ва нотавонлар бор орамизда. Бугун ана шулар ҳақида, болаларни кимлардан, нималардан ҳимоя қилишимиз кераклигини айтгимиз келди. Мана бу оғриқларнинг айримлари Сизга жуда таниш манзара:
Улар дунё болаларининг айримлари сувга, нонга зорлигини, оч-яланғоч эканлигини билмайдими? Дунёнинг айрим ҳудудларида кечаётган қуролли низолар болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётганлигидан, қарийб 40 фоиз гўдак ҳаётининг дастлабки бир ойида ҳаётдан кўз юмаётганлигидан, тўйиб овқат емаслик муаммоси эса бутун дунё бўйлаб 30 фоиздан ортиқроқ гўдакнинг умрига зомин бўлаётганидан хабардорми улар?
Шифохоналар деразасидан ташқарига маъюс боқиб, ҳаёт манзараларини кузатаётган хаста юракчалар, бирор нарсани ушлашга ҳолсиз, мажолсиз қўлчаларни кўрганингизда дунё кўз ўнгингизда остин-устун, қалбингиз парча-парча бўлиб кетмайдими? Уларнинг кўзларидаги умид ахтариб яшаш азобини тасвирлай оласизми?
Уруш даҳшатлари кўзларида қотиб қолган болалар ҳақида фильмларда кўрганмиз, душман ўқларига нишон бўлиб, ўлиб қолган онасининг жасади устида неча кунлаб йиғлаётган қизалоқларнинг изтиробларини ҳис эта оламизми? Болаларнинг жажжи юраклари баъзан катталар кўтара олмайдиган оғир юкларни ҳам кўтаришга қодирлигини тан оламизми? Ота-онасидан, яқинларидан, уйидан, Ватанидан ажралган болалар дунёнинг ҳар ерига сочилиб кетгани, яшаш учун куч топгани жасоратнинг бир тимсоли эмасми? Бугунги тинч, осойишта замонда эса, уларни ҳимоя қилиш ўрнига, уларни тақдир ҳукмига ташлаб қўяётган замондошларимиз ҳам борлигини қандай баҳолаш мумкин?
Боласидан воз кечяпти…
Кеча дунёга келган йўргакдаги мурғак чақалоғидан “воз кечаман” деб ариза ёзгунча аёлнинг кўзлари кўр, қўллари шол бўлса бўлмайдими? Онасининг кўксига талпинишдан бошқа нарсани билмайдиган бегуноҳ гўдакни туғуруқхонага ташлаб кетиш учун тошдан ҳам қаттиқ бўлиши керак инсоннинг юраги. Айрим ота-оналарнинг болаларидан воз кечиш ҳақидаги қарорини яхшиямки болалар кичик ёшида унча англаб етмайди, тушунмайди. Тушунганида қандай аҳволга тушишини тасаввур қиласизми? Она ўз боласидан воз кечганда арш ҳам ларзага келади, дейишади. Еру осмонни титроқ босади. Биз эса бу бешафқатлик ва бу тошбағирликлар ҳақида қарор чиқаришда давом этаверамиз. Гўёки бу бизнинг вазифамиздек. Нега ўт тушмайди бу вазифамизга, нега боланинг бир томчи кўз ёши юрагимизни остин-устун, тилка-пора қилиб юбормайди, нега?
“Мажруҳ бола билан умримни ўтказмоқчи эмасман”
Пифагорнинг “Қабрингиз устида йиғлаши учун болаларингизни беҳуда кўз ёш тўкишдан асранг” деган ажойиб сўзлари бор. Ногирон боласини “интернат”га, “болалар уйи”га топширган айрим ота-оналар улардан хабар олиш, уларга бирор нарсани илиниш у ёқда турсин, ҳатто бу болалар қазо қилса юраги жиз этмаганлиги, уни қабрга қўйишдан ҳам бош тортаётганлигига ишониш қийин. Афсуски, бу аччиқ ҳақиқат .
Болаларни нафақат Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида, балки ҳар доим, ҳар лаҳза, ҳар сония ҳимоя қилайлик, уларни кўзимизнинг қорачиғидек асрайлик!
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист