Маълумки, йўл ҳаракати қоидалари нафақат ҳайдовчининг, балки пиёда йўловчиларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлайди. Аммо орамизда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилмайдиган ҳайдовчилар оз эмаски, пешонаси деворга урилмагунча кўзи очилмайди уларнинг.
Қўқон шаҳрида яшовчи, 24 ёшли Муҳаммаджон Зияев ҳам ана шундай итоатсиз кимсалар тоифасидан бўлиб чиқди. У ёғини сўрасангиз, навқирон 20 ёшидаёқ босқинчилик жиноятига қўл уриб, “ўтириб” чиқишга ҳам “улгурган” йигит учун йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, бир эмас, иккин нафар инспекторга бўйсунмаслик арзимасдек гўё.
Суд мажлисида аён бўлишича, М.Зияев 2020 йил 9 ноябрь куни соат 13:00 ларда шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида ўзининг “Lacetti” русумли автомашинасида ҳаракатланиб бораётганда Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Ш.Эсанов унга тўхташ ишорасини беради. Бироқ Муҳаммаджон инспекторнинг талабига бўйсунмай тезликни оширганча ҳодиса жойидан кетиб юборади. Шунинг учун инспектор ўзига яқин ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳамкасби – Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патрул хизмати инспектори Аббос Исақовга хабар беради. Мазкур хабар эса А.Исақовни янада ҳушёр торттиради. Натижада у ўзи томон келаётган Муҳаммаджонга тегишли ишорани бериб, тўхтатади. Лекин қонунни ҳам менсимаган, ўзини ҳам ҳурмат қилмаган ҳайдовчи инспекторнинг хизмат вазифасига фаол қаршилик кўрсатиб, автомашинада ҳаракатини давом эттиради. Оқибатда, Аббос Исақов “Lacetti”нинг олд томонига ётиб қолади. Шунга қарамай, “қаҳрамон”имиз таҳминан 15-20 километр соат тезликда ҳаракатланиб, ЙПХ ходимини 40 метргача судраб боради. Пировардида А.Исақов енгил тан жароҳати олади. Балки М.Зияев итоатсизларча ҳаракатини яна давом эттириши мумкин эди. Аммо ўзининг ёнида ўтирган онаси Маҳмуда Каримованинг қатъий талаби билан машинани тўхтатади.
Шундан сўнг инспектор ундан ҳужжатларини тақдим қилишини сўрайди. Бироқ Муҳаммаджон ҳужжатларини бермай, ўткир тиғли жисм билан бўйин қисми ва қўлининг билак соҳаларини кесиб, ўзига тан жароҳати етказади. Буни кўрган Аббос Исақов эса дарҳол ундан тиғли ашёни олиб қўяди. Сўнгра тегишли баённома расмийлаштирилиб, айбдорни Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб кетишади.
Албатта, терговга қадар текширув жараёнларида М.Зияевнинг жиноий ҳатти-ҳаракати тўлиқ исботини топади. Бинобарин, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса “учар” йигитни Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-кисми билан айбдор деб топиб, унга 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлайди. Тайинланган жазони бўлса қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланади.
Умид қиламизки, тилга олинган ҳолат машина ҳайдаганда ўпкасини босолмайдиган шахсларга сабоқ бўлади. Зеро, йўл фақат ва фақат қонуний ҳаракатни ёқтиради.
Аброржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири