Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариИнспекторнинг хатоси айбсиз фуқарони сарсон қилди

Инспекторнинг хатоси айбсиз фуқарони сарсон қилди

2020 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги эди. Хатирчи тумани “Тасманчи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Миртемир Раҳимовга Навоий вилоят ИИБ йўл-патрул хизматидан хабарнома келди. Унда Миртемирнинг ўзига тегишли “ВАЗ 21011” русумли автомашинани спиртли ичимликдан маст бўлган, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган Ф.Шариповга ҳайдаш учун бергани, шу боис маъмурий баённома расмийлаштирилгани қайд этилганди.

Рости, хабарномани ўқиб М.Раҳимов ҳайрону лол қолди. Чунки у тилга олинган автомашинани 7 йил олдин фуқаро Ҳ.Қаршиевга сотиб юборганди-да. Аммо муаммонинг тагига етгунча Миртемир Раҳимовни Хатирчи туман маъмурий судига чақиришади. Суд жараёнида аён бўлишича, Ф.Шарипов 2020 йил 26 октябрь куни соат 22:00ларда “ВАЗ 21011” русумли 85 М 193СА давлат рақамли автомашинани спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда ҳайдаб кетаётганда ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Пировардида нафақат ҳуқуқбузарнинг ўзига, балки автомашинанинг қонуний соҳиби М.Раҳимовга нисбатан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилади. Оқибатда суднинг 2020 йил 14 декабрдаги қарорига мувофиқ, Миртемир Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 2 йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари – 5.575.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланади. Бинобарин, айбсиз айбдор суд қароридан норози бўлиб, Навоий вилоят судига апелляция шикоятини беради. Мазкур шикоятида муаллиф бундан 7 йил олдин автомашинани ишончнома орқали фуқаро Ҳ.Қаршиевга сотиб юборганини, қолаверса Ф.Шариповни танимаслигини маълум қилган. Бироқ биринчи босқич суди томонидан унинг кўрсатмалари муҳокама қилинмаган ҳамда асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунинг учун ҳам қаҳрамонимиз Хатирчи туман маъмурий суди қарорининг ўзига нисбатан қисмини бекор қилишни сўради.

Дарҳақиқат, апелляция суди мажлисида гувоҳлик берган Ҳ.Қаршиев ҳам Миртемирнинг кўрсатувларини тўлиқ тасдиқлади. Яъни 7 йил олдин автомашинани сотиб олгач, ишончнома орқали миниб юрганлиги ва орадан бир йил ўтгандан сўнг уни бошқа шахсга сотиб юборганини билдирди. Қолаверса, ҳуқуқбузар Ф.Шариповнинг ўзи ҳам машинанинг ҳақиқий эгаси М.Раҳимов эканлигини билмаслигини, ҳатто уни танимаслигини, чунки “ВАЗ 21011”ни Сардор исмли йигитдан сотиб олганлигини, шунингдек автомашинани маст ҳолда бошқарганлигидан Миртемирнинг хабари бўлмаганлигини айтиб, юқоридаги фикрларни тасдиқлади судга берган кўрсатмасида. Гарчи Миртемир ҳам, Ҳ.Қаршиев ва Ф.Шарипов ҳам биринчи босқич судида худди шундай кўрсатма берган бўлишса-да, Миртемир Раҳимовнинг ҳайдовчининг ёнида бўлмагани ҳамда маст ҳолатда транспорт воситасини унинг рухсатисиз бошқарганидан хабари бўлмаганини инобатга олмаган. Шу билан бирга, келтирган важларини батафсил текширмай, жавобгарлик масаласини ҳал қилишда барвақт хулосага келган. Бундай ҳолатда эса суд қарорининг М.Раҳимовга нисбатан қисмини қонуний деб бўлмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган. Шу боис апелляция инстанцияси томонидан келтирилган шикоят қаноатлантирилди. Яъни Хатирчи туман маъмурий судининг 2020 йил 14 декабрдаги қарорининг Миртемир Раҳимовга оид қисми бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юқоридаги моддага асосан тугатилди.

Лекин бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим бўлади. Гап шундаки, 2020 йилнинг 9 декабрь куни Навоий вилоят ИИБ ЙПХ инспектори Отабек Самаров томонидан М.Раҳимовга нисбатан UZ-20-серияли 85-034881-рақамли баённома расмийлаштирилган. Баённомада Миртемирнинг баённома билан танишгани ҳақида белги мавжуд бўлсада, аммо унинг ҳуқуқбузарлик юзасидан муносабати ёритилмаган ёки ҳолат бўйича ундан алоҳида тушунтириш хати олинмаган. Шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини исботлаш мажбурияти эса маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённомани тузган идоралар (мансабдор шахс) зиммасига юклатилган. Бироқ инспектор бу хатоларини тузатмай, иш материалларини судга юборган. Оқибатда бир инсон ноҳақ жавобгарликка тортилган. Бинобарин, Навоий вилоят суди тилга олинган камчиликларнинг олдини олиш ва келгусида фуқароларни асоссиз равишда жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан тиклашга қаратилган кескин чора-тадбирлар белгилаш ҳамда қайд этилган камчиликларни Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари ўртасида муҳокама қилиш тўғрисида бошқарма бошлиғи А.Хафизов номига тақдимнома киритди.

Мана шу тариқа инспекторнинг хатосидан жабр кўрган фуқаронинг ҳуқуқи тикланиб юзи ёруғ бўлди. Аммо бунгача Миртемир Раҳимовнинг қанчалар сарсон бўлганини ҳеч бир важ билан оқлаб бўлмайди. Умид қиламизки, О.Самаров сингари шошма-шошар инспекторлар бундан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишади.

 

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз