«Instagram» — расм ва видеоларни улашиш учун мўлжалланган ижтимоий тармоқ. Ҳозирда ер юзида 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчиларга эга бу тармоқни App Store ҳамда Google Play платформалари орқали телефон ёки компьютер қурилмасига бепул юклаб олиниши ва тўғри мақсадда фойдаланиши билан жуда қулай. “Intsgram” оламидан тижорат ва реклама мақсадида фойдаланиш ҳам тез ва осон. Аммо… тармоқда нафақат ўз саҳифангизни балки бошқа nickname-тахаллус остида akkaunt-саҳифа очиб расм ва видеолар юклаш, унга “лайк” босиш орқали гўёки ҳамфикрдек танишиш, дўстлашиш ва ҳатто ўз “бахтини” топиш мумкин. Бу эса фойдаланувчига қандайдир гуруҳга мансубликнинг сохта ҳиссиётини беради ва муносабатлар завқли туюлиб, кўникма ҳосил бўла бошлайди.
Умрининг 37 баҳорида оиласи билан ажрашган Тохир Самадов (исм-шарифлар шартли) ҳам «Instagram» тармоғида “ин” қуриб, ўзига шахсий саҳифа очади ва қалбига мос шерик истаб Раъно Исанова билан танишиб қолади. Кунда кун ора унинг «Instagram»даги саҳифасига жойланган суратларига лайк – (юрак тасвирли виртуал мақтов), коммент (онлайн изоҳ), смайлик (гулдастали ёки табассумли белги) юбориб Раънонинг ақлини шошириб қўяди.
Улар ўртасида бошланган гўёки самимий дўстлик ёзишмалари уларни Россия давлатида дийдорлашишга ундайди. Шундай бўлади ҳам. Учрашувлар кўпайиб, ҳатто бир-бирларига ипсиз боғланиб боришади. Раънонинг ҳам фарзандлари бўлса-да, турмушидан ажрашган. Қолаверса, у ерда уни тергайдиган бирон кимсаси йўқ. Буни билган Тоҳир у билан бирга яшашни таклиф этади. Шу тариқа муносабатлар қалинлашиб, сирлар бирлашиб икковлари гўё бир одамга айланишади. Икки ҳамюрт, эркак ва аёл орасига ҳам шайтон оралаб, ўта “яқин муносабатлар” бошланади.
“Intsgram”га муккасидан кетган бу “ошиқ”лар ўзининг ҳар бир ҳаракатини суратга ёки видеога олиб тармоққа жойлаш ва “лайк” тўплаш билан гўёки завқ олишарди. Кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайдиган Тоҳирнинг топиши ҳам шунга яраша эди…
Бир хил ҳаётдан тез зериккан Тоҳир пулсизлик сабаб асабийлаша бошлайди ва аёлга шундай бир суратларни кўрсатдики, осмон шу тоб Раънонинг бошига қулагандек бўлади.
— Агар айтган пулларимни бермасанг, бу суратлар, болаларинг, айниқса, аканг учун зўр совға бўлади!
— Лекин… севгимиз… ахир ишонгандим…
— Ҳа, севгансан, ишонгансан менга эса пул керак, суратларни кўряпсанми? Суратлардаги сенсан, Сен!
Ўзининг шармандали, яланғоч ҳолатдаги сийратини кўрган аёлнинг шу кундан бошлаб ҳаловати йўқолди. Ваҳоланки ўзининг яқин тарихида олинган видео ва расмларни кўриб завқ олган Раъно чорасиз эди ва энди ҳеч бир моънеликсиз унга айтган пулини бера бошлади. Лекин у аёл киши. Қолаверса, акасининг эшигида қолдириб келган икки нафар фарзандлари бор унинг. Ишлаган пулларини бир текинтомоққа бериб юравериш… бу ёмон… унга асло ёқмасди.
Р. Исанова бўлаётган ишларни акаси Алишер Исановга телефон қилиб айтиб беради. Алишер бу ишни якунига етиш мақсадида Россия давлатга етиб боради, аммо бу пайтда Тоҳир Самадов жойини ўзгартирган, манзилдан туриб тазйиқ ўтказаётган эди. А. Исанов уни тополмай мажбур юртга қайтади, аммо ишни шунчаки ташлаб қўймайди.
Қарангки, Тоҳир бу пайтда Раънонинг маҳалладоши, акасининг синфдоши бўлган Гавҳар Шириновани ҳам (унинг профилини Раънонинг телефонидан олган эди) чиройли суҳбатлар, аёл киши учун ёқимли бўлган ширин сўзлар билан ўз ўрамига олаётган эди.
Гарчи оилали бўлса-да у билан гўё дўстона бораётган муносабатлар эркак-аёл ўртасидаги сирли суҳбатларга айлана боради. Тоҳирнинг меҳрли ва сирли гапларига ишонган Гавҳар ҳатто ўз ихтиёри билан Тоҳирга яримяланғоч ҳолдаги суратларини ишониб юборади. Бу гал «Instagram»даги “ини”да ўзини nickname-тахаллусини Дилмурод деб таништирган “шоввоз” уч-тўрт кўринишдаги суратларни йиғиб олгач, эски ҳунари бўлган товламачликни намойиш эта бошлайди. Дастлаб қарз сўраб пул олган Тоҳир Самадов энди таҳдид йўли билан таъмагирлик қилиб пул талаб қила бошлайди.
Икки аёлнинг тасвирлаб бўлмас даражадаги ҳолатлари билан гўё роҳатланаётган Тохир бу ишнинг охири ўзи учун ҳам аянчли бўлишини ўйламади ҳам.
Россия давлатидан Тоҳирни қидириб топа олмаган Алишер синглиси номуси ҳимояси учун курашиб ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага йўллаган аризасига асосан фош этилган товламачилик суд залида муҳокама этилди.
Қонун талабига кўра, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачилик ҳисобланади. Бу норма Жиноят кодексининг 165-моддасида кафолатланган.
Суд томонидан судланувчи Т.Самадовга жазо тайинлашда, унинг айбига қисман иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, айб шакли, содир қилинган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноят ишидаги жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, уни товламачиликда айбли деб топиб, қонунда кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Айтмоқчи бўлганимиз, «Instagram»дан фойдаланувчи ҳамма ҳам шундайлигини англатмайди, албатта. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугун орамизда ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилиб, енгил-елпи муносабатларга ўрганиб қолаётганлар “кирдикорлари” тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Унутманг, ижтимоий тармоқлардаги виртуал ҳаёт реал ҳаётда қарамликни келтириб чиқаради. Ижтимоий тармоқлар – инсон ўз олдига қўйган маълум вазифаларни компьютер ва телефон ёрдамида осонлаштирувчи мақсадли бир восита холос. Ундаги онлайн муносабатлар реал ҳаётдан фарқ қилади. Шундай экан, товламачиликнинг “урф бўлган” бу усулидан яқинларимизни асрайлик.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти