Бош саҳифаТаҳлилИнтеллектуал мулк соҳасидаги низоларда медиацияни қўллаш самара...

Интеллектуал мулк соҳасидаги низоларда медиацияни қўллаш самара берадими?

Интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги низолар, бу таснифдаги объектларнинг айримларини бирон бир муҳофаза ҳужжатисиз ҳимоя қилинишлиги (масалан, муаллифлик ҳуқуқи объектлари), ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқий билимлари мавжуд эмаслиги ёки бугунги кунда суд ёки низоли масалаларни муқобил усулда ечишга доир бошқа институтларнинг бу йўналишдаги амалиётининг кам эканлиги туфайли бироз мураккаб ҳамда ўзига хос саналади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги қонунига кўра, ушбу воситачилик институти фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан тадбиқ этилиши белгиланган. Шунга кўра, интеллектуал мулк билан боғлиқ низоларда медиация институтига доир нормаларни қўллаш мумкин. Шу билан бирга, ўйлаймизки медиацияни бу соҳада қўлланишлиги анча самарали ҳисобланиши мумкин.

Медиациянинг тамойилларидан ҳисобланган махфийлик ҳамда тарафларнинг ҳамкорлиги айнан интеллектуал мулк учун жуда мос тушади деб ҳисоблаш мумкин. Биринчидан, бу манфаатдор шахс учун ўз мақоми ҳамда ноқонуний фойдаланилган бирон-бир махфий даражадаги, дейлик ноу-хау ёки бошқа ижодий тафаккур натижасини сир тутилишлик даражасини сақлаган ҳолда низони ечимини топишда муҳим аҳамият касб этса, иккинчидан эса низоли вазиятни тезкорлик билан ҳал этишга ёрдам беради.

Шу билан бирга, медиациянинг яна бир тамойили бу ихтиёрийлик ҳисобланиб, айнан ушбу жиҳатни ҳам муҳим восита сифатида назарда тутиб, интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ. Зеро, мазкур тамойил биринчи навбатда ҳуқуқбузар шахс учун манфаатли бўлиши ва натижада унинг унинг ҳуқуқий билимларини ошириши мумкин.

Амалиётда кўпинча муҳофазага олинган товар белгилари ёки муаллифлик ҳуқуқи объектларидан ноқонуний фойдаланган шахслар, ушбу ҳолатда ҳуқуқ эгасидан рухсат олишлик билан боғлиқ қоидаларни билишмайди ҳамда ушбу ноқонуний ҳаракатни улар билиб туриб қилмаганликларини билдиришади. Бу ҳолат жамиятда интеллектуал мулк билан боғлиқ тушунчаларнинг кенг аҳоли қатламига кириб бормаганлиги билан характерланади. Фикримизча, айни шу сабаб ҳам медиацияни бу соҳага кенг жорий этиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, интеллектуал мулк соҳасига ихтисослашган медиаторларнинг нафақат сони, балки малакасига ҳам бўлган талабни кучайтириш лозим. Зеро, Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда бу соҳада низоли ишларнинг кўлами ошиб бормоқда. Бу йўналишда таълим жараёнларининг йўлга қўйилганлиги, адвокат ва патент вакиллари сони ошиб бораётганлиги қаторида интеллектуал мулк соҳасига ихтисослашган медиаторларни тайёрлаш ҳам муҳим саналади. Интеллектуал мулк соҳасидаги низолар табиатига кўра кўп қиррали эканлигидан келиб чиқиб, бу йўналишдаги медиаторлар нафақат юридик, балки техник, иқтисодий ва адабиёт ва санъат соҳаларини ҳам яҳши билишликлари талаб этилади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда боҳқарувчи ташкилотларни ҳам медиация институтлари қаторига киритиш мумкин. Сабаби, Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунига кўра, бу каби ташкилотлар ўз аъзолари бўлган муаллиф ва ижодкорларнинг манфаатлари юзасидан ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Яъни унинг номидан фойдаланувчилар билан шартномавий муносабатларга киришиши ҳамда музокаралар ўтказиши мумкин. Муаллифлик ҳуқуқи энг кўп низоли вазиятлар юз берадиган ва кўпинча ҳуқуқбузарликлар ушбу йўналишдаги ҳуқуқий билимларнинг етарли эмаслиги орқали содир этилишлиги билан характерли саналади. Шу сабабдан ҳам бунда медиацияни қўллаш самарадорлиги юқори кўрсаткичга эга. 2022 йилнинг 11 август куни Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси (УзАвтор)нинг бевосита кўмагида шоир Ў.Д. ва хонанда Ҳ.А. ўртасида юзага келган низо юзасидан медиатив келишув имзоланишига эришилди. Шу билан бирга, хонанда ва шоир ўртасида асарлардан фойдаланишга доир тегишли тартибда муаллифлик шартномаси тузилди. Таъкидлаш керакки, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда боҳқарувчи ташкилотнинг ушбу ҳаракатлари бу каби ташкилотларнинг муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат руҳини ошириш билан бирга, соҳадаги низоларни тинч йўл билан ҳал этишда қанчалик катта ўринга эга эканлигидан дарак беради. Юқорида қайд этилганидек, медиация натижасида шоир ва хонанда ўзаро келишувга эришишди ҳамда келгусидаги ҳамкорликка доир қонуний тартибда муаллифлик шартномаси эришилди. Биламизки, медиацияда «келгусидаги мунисабатларни сақлаб қолиш» деган муҳим тамойил мавжуд бўлиб, айни ушбу жиҳатни мана шу низоли ишни ечимида кўришимиз мумкин.

Мамлакатимизнинг «Медиация тўғрисида»ги қонуни 18-моддасига асосан, давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши кераклиги қайд этилган. Шунга кўра айтиш мумкинки, оммавий ҳуқуқий муносабатларга нисбатан ҳам воситачилик институтини қўллашга рухсат берилган. Маълумки, интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги низолар нафақат фуқаролик-хусусий муносабатларга, балки оммавий-ҳуқуқий муносабатларга ҳам дахлдор саналади. Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқидаги низоларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлар асосан товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида юз берса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда эса муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари билан боғлиқ масалаларда юз беради.

Интеллектуал мулкка доир низоларни кўрувчи медиация марказлари одатда тижорат ва савдо-саноат масалаларига ихтисослашган турли марказлар таркибида фаолият юритади. Масалан, Шанхай тижорий воситачили маркази Жанубий-Шарқий Осиёдаги турли компания ва фирмаларнинг интеллектуал мулк билан боғлиқ низоларини ечимини топишда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу марказ Европа иттифоқи интеллектуал мулк идораси ва унинг Апелляция кенгаши билан ҳам ҳамкорликдаги фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти фаолиятида ҳам медиация ва арбитраж маркази фаолияти йўга қўйилган. Таъкидлаш керакки, 1994 йилда бери фаолият юритиб келаётган БИМТ Медиация ва артибраж маркази (WИПО АДР) интеллектуал мулк ҳамда ахборот технологияларига ихтисослашган ҳисобланиб, домен номларига доир низоларни тартибга солиш (ечимини топиш)да етакчидир. Марказнинг асосий ғояси бу тарафларнинг қимматли вақти ҳамда ҳаражатини тежашдир.

Кўпинча, интеллектуал мулк соҳасига ихтисослашган таълим муассасалари ҳам ўз таркибида медиация марказларини ташкил этишган. Масалан, Россия давлат интеллектуал мулк академиясида ҳам шу каби марказ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, марказ нафақат низоли масалаларни ечимини топишда воситачилик қилади, балки жамиятнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда медиацияни бу йўналишдаги низоли ишларга кенг жорий этишга доир тарғибот ишларини ҳам олиб боради.

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий жараёнлардаги интеграсиялашуви (Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа минтақавий ташкилотларга аъзолик билан боғлиқ жараёнлар) ҳамда инвестицион муҳитнинг жадаллашуви интеллектуал мулк билан боғлиқ юзага келадиган низоларни тезроқ ва самарали усулларда ечимини топиш заруриятини туғдиради. Шунга кўра, мамлакатимизда ҳам халқаро стандартлар ҳамда юқори самарадорликка эга бўлган хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида интеллектуал мулк ҳуқуқи (патент ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, индивидуаллаштириш воситалари)га медиация жараёнларини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ саналади. Умуман олганда, медиация бу ҳар қандай низоли вазиятларни ортиқча сарф-харажатларсиз (моддий ва руҳий), ўзаро муносабатларни сақлаган ҳолда ҳамда қисқа муддатларда ечимини топишнинг энг қулай ва самарали механизмидир.

Абдумумин Юлдашев,
ТДЮ Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси доценти, й.ф.ф.д. (ПҳД)
Муниса Раджабова,
ТДЮ қошидаги М.Восиқова номидаги академик лицей катта ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз