“Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форуми доирасида “Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш: замонавий муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида мунозара сессияси бўлиб ўтмоқда.
“Охирги йилларда Ўзбекистоннинг интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича учта халқаро шартномага қўшилганлиги соҳада сезиларли ислоҳотлар сабаблидир”, – дейди мунозара сессиясини очиб берган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори Тўлқин Абдужабборов.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Кавказ, Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари бўлими бошлиғи Илья Грибков: “Тўртинчи саноат инқилоби даврида интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини топиш устида олимларимиз бош қотиришмоқда. Айни пайтда патентлашни ҳам илғор технологиялар асосида амалга ошириш ҳақида ўйлаяпмиз”.
“Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ. Мамлакат қанчалик ривожланган бўлса, интеллектуал мулк ҳуқуқи шунчалик таъминланади. Финландия минтақада ҳам, дунёда ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича биринчи ўринда туради. АҚШ, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларда ҳам интеллектуал мулк ҳуқуқини таъминлаш ижобий томонга ўзгарган. Шуни ёдда тутиш лозим, интеллектуал мулк мамлакатни тараққиётга етакловчи омилдир. Ихтирочиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилолмаган мамлакатда ихтирочилар чиқмайди” – дейди Мулк ҳуқуқлари бўйича алянснинг ижрочи директори Лоренсо Монтанари.