Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқИнтернетда порнографик маҳсулотни реклама ёки намойиш қилганлик...

Интернетда порнографик маҳсулотни реклама ёки намойиш қилганлик учун жиноий жавобгарлик бор

Одатда ҳар қандай қонун ҳужжатига ўзгартириш киритиш зарурати жамият ҳаётида дуч келинаётган муаммо ёки тўсиқ натижасида, айрим ҳолатларда эса маълум бир йўналишни тартибга солиш мақсадида қабул қилинади.

Таҳлилларга эътибор қаратсак 2020 йилда 60 га яқин Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган бўлса, шундан 8 таси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ. Мазкур қонунларнинг асосий қисмини эса жиноят ва маъмурий қонунчилик тизими ва суд фаолияти юзасидан киритилган ўзгартириш ва қўшимачалар билан бойиганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Агар у ёки бу норма мавжуд бўлсаю у инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қила олмаса Конституциямизнинг барқарорлигига путур етказиши мумкин. Ана шу маънода “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш бўйича 2020 йилнинг 12 декабрь куни қабул қилинган Қонунда ҳам бир қатор моддаларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.

Қонунга мавофиқ Жиноят кодексининг 130-модда биринчи қисми “Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек порнографик маҳсулотни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса” деб қайта тўлдирилди. Аввалги таҳрирда эса оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш масаласига эътибор қаратилмаган эди.

Шунингдек, 1301-модда биринчи қисми “Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса” деган нормалар билан тўлдирилди. Аввалги таҳрирда эса оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш масаласи назарда тутилмаган эди.

Кўриниб турибди ушбу моддаларнинг деспозиция қисми интернет ва жадал ривожланган ахборот макони рўй бериши табиий бўлган жараёнлар хавфидан келиб чиқиб киритилган. Шу ўринда хорижий тажрибага назар ташласак, айнан ривожланган давлатларда порнографик маҳсулотларни тарқатиш ва бу билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар қайси мезонлар билан ўлчанади.

Одатда порнографияга бўлган муносабатига қараб учта давлатни ажратиш мумкин. Биринчиси, 70-йилларнинг бошидан бери порнографияга руҳсат берилган мамлакатлар Дания, Норвегия, Шветсия ҳисобланади. Иккинчи гуруҳ порнографияни тақиқлаш қонуний равишда сақланиб қолган, аммо амалда қўлланилмайдиган мамлакатлар Австрия, Германия, Голландия, АҚШ, Франция. Учинчи гуруҳга Австралия, Буюк Британия, Испания, Канада ва Россия киради. Мазкур давлатларда ҳар қандай порнографик маҳсулотларга жиддий чекловлар қўйилган.

Хаттоки, Германия ва Буюк Биританияда озодликдан муҳирум этишнинг ҳар қандай кўринишлари ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатларига кўра белгиланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 139-модда иккинчи қисмига ҳам тегишли ўзгартириш киритилмоқда. Мукур модда Туҳмат деб номланиб, айни бир вақтда интернет ва телекомуникация тармоқлари имкониятидан фойдаланиб туҳмат қилиш ҳолатлари учрамоқда. Айниқса бу ҳолат фирибгарлик, одам савдоси, оилавий нозо ва ажримлар ва шу каби инсон шаъни ва қадр-қиммати билан боғлиқ жиноятларда учрайди.

Мазкур модданинг  139-модда иккинчи қисми “Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш каби нормалар билан тўлдирилиб, унинг санкция қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши” белгиланди.

Аввалги таҳрирда юқоридаги каби оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш назарда тутилмаганди. Санкция қисмида жазо чораси кучайтирилганэса жамиятга жиддий хавф солувчи жиноятга чек қўйишга ҳизмат қилса ажаб эмас.

Юқоридаги модданинг учинчи қисмининг санкцияси “базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади” дея таъкидланди.

Бундан ташқари,  Жиноят кодексининг 140-модданинг иккинчи қисмининг диспозицияси ҳам айнан юқоридаги ҳолат акс этган. Яъни “Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш” тўлдирилди. Аввалги нашрида телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали каби ҳолатлар мавжуд эмас эди. Қолеваерса санкция қисмида ҳам жиддий ўзгаришни кузатиш мумкин. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2666-моддаси Ёлғон ахборот тарқатиш билан тўлдирилиши белгиланди.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлигидан келиб чиқиб, ўтган йиллар мобайнида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, шу билан бирга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги каби қонунлар шулар жумласидандир.

 

Наима Ядигарова,

Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз