Иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиш:
қишлоқ жойларда — маҳаллий меҳнат органининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор ҳудудига, иш қидираётган шахснинг яшаш жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудига бириктирилган ходими томонидан;
агар иш қидираётган шахс маҳаллий меҳнат органи жойлашган аҳоли пункти ҳудудида яшаётган бўлса — ишсиз шахсларни ҳисобга олиш, ишга жойлаштириш ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш сектори ходими томонидан амалга оширилади.
Иш қидираётган шахслар маҳаллий меҳнат органларуга қандай ҳужжатларни тақдим этади?
паспортини ёки идентификацияловчи ИД-картасини ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни;
меҳнат дафтарчасини ёки меҳнат стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни, бундан биринчи марта иш қидираётган шахслар мустасно;
маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг аслини ёки унинг кўчирма нусхасини (маълумот мавжуд бўлган тақдирда);
касби ёки касбий малакаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни ёки унинг кўчирма нусхасини (касби ёки касбий малакаси мавжуд бўлган тақдирда);
иш жойидан охирги ўн икки ой учун иш ҳақи (меҳнат даромади, пул таъминоти) тўғрисидаги маълумотномани — илгари ишлаган шахслар, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун.
Иш қидираётган шахсларга меҳнат органларига мурожаат қилгандан сўнг, ишга кириш бўйича қандай ҳужжатлар берилади?
Бўш (вакант) иш ўринлари ва иш қидираётган шахснинг мақбул келадиган ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклифга розилиги мавжуд бўлган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи ходими унга:
давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга, шунингдек мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига захирага қўйиладиган иш ўринларига — ишга жойлаштиришга доир йўлланма;
мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига — ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома беради.
Ишга жойлаштиришга доир йўлланма ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома, қоида тариқасида, маҳаллий меҳнат органининг директори ёки директор ўринбосари томонидан ёҳуд комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторга бириктирилган ходим томонидан имзоланади.
Ишга жойлаштиришга доир йўлланма ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома иш берувчига электрон тарзда, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, шунингдек «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.
Иш қидираётган шахслар йўлланмани ёк мурожаатномани олгандан сўнг, ишга жойлаштириш тартиби?
Иш қидираётган шахс ишга жойлашишга доир йўлланмани ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай ишга жойлашишга доир йўлланмада ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномада кўрсатилган манзилга мурожаат этиши шарт.
Ташкилот иш қидираётган шахсни ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, ишга жойлаштиришга доир йўлланма тақдим этилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай йўлланма берган маҳаллий меҳнат органига ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан бирга йўлланманинг йиртиб олинадиган талонини юбориши шарт.
Агар ишга жойлаштиришга доир йўлланма иш берувчига электрон тарзда юборилган бўлса, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига йиртиб олинадиган талон ўрнига ишга жойлаштирилганлик тўғрисидаги хабарномани электрон шаклда юборади.
Ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, йиртиб олинадиган талонда рад этиш сабабларининг асоси кўрсатилади ва йиртиб олинадиган талон ишга жойлаштиришга доир йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига тақдим этиш учун иш қидираётган шахсга қайтариб берилади.
Йиртиб олинадиган талон иш берувчи ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
Иш берувчи маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга жойлаштиришни рад этган тақдирда, иш қидираётган шахс йиртиб олинадиган талонни ушбу йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходимга уч кунлик муддатда қайтариб бериши шарт.
Қайтариб берилган йиртиб олинадиган талон (талоннинг кўчирма нусхаси) тўғрисидаги маълумотлар ва ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари маҳаллий меҳнат органи ходими томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритилади.
Мулкчиликнинг нодавлат шаклидаги ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари иш қидираётган шахсни ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, мазкур шахснинг ишга жойлашишига кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома берган маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.
Ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома электрон тарзда юборилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари маҳаллий меҳнат органига мазкур шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ахборотни электрон шаклда юборади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари ҳақида маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.
Мақбул келадиган ишга доир таклифлар мавжуд бўлмаган ва ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилади ҳамда унга ишсизлик нафақаси тайинланади.