— Иккита ташкилотда ишлаганман. Ҳужжатлар архивга топширилмагани учун 54 ёшда 2 207 000 сўм билан пенсияга чиқдим. Ҳозир 330 000 сўм оляпман. Ҳужжатлар архивга топширилмагани мени айбим эмас-ку, бу вазиятда менга нима маслаҳат берасиз?
— Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:
иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;
зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.
Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.
Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун қонунчиликда назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашишади.
Бундан ташқари, қонунчиликка кўра пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан оз бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади. Иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди.
Архив маълумотларини тақдим этмасдан иш ҳақи миқдорини аниқлаш:
2005 — 2016 йиллар даври учун — жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;
2016 — 2018 йиллар даври учун — фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
2019 йил учун — фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;
2020 йил 1 январдан кейинги давр учун — «ЯММТ» ИДАКда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади.
Манба: Пенсия жамғармаси