Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишдан четлаштириш амалиётида ўзгаришлар бўлмоқда.
Амалдаги Меҳнат кодексида ишдан четлаштириш амалиётига битта модда, яъни 113-модда билан тартибга солинган бўлса, янги Меҳнат кодексида 151-154-моддалардан иборат 4 та модда ажратилди. Демак, шунинг ўзидан ҳам билиш мумкинки, бу борада ўзгаришлар жиддий.
Амалдаги Меҳнат кодекси 113-моддага кўра, ишдан четлаштиришга қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Яъни, бирор-бир қонунда ходимни четлаштиришга тортадиган ҳолатлар кўрсатилган бўлсагина, ўша асос бўйича ходимни четлаштириш мумкин (масалан, Жиноят процессуал кодекси бўйича жиноят иши очилган ходимни суд ажрими биноан лавозимдан четлаштириш) бўлади. Бундан ташқари, мазкур 113-модданинг давомида ходим: – мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганда; -ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган; – карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида жорий этилган профилактик эмлашни рад этганда четлаштирилиши мумкинлиги белгиланган. Бўлди, рўйхат шу билан тугаган эди.
Энди, янги Меҳнат кодекси 151-моддасидаги ўзгаришларга аҳамият беринг: бу моддада иш берувчи ходимни ишдан четлаштириши шарт бўлган ҳолатлар алоҳида ва четлаштириши мумкин (яъни ҳақли) бўлган ҳолатлар алоҳида келтирилмоқда. Четлаштиришга асос бўлган ҳолатлар рўйҳати ҳам анча кенгаймоқда.
- Демак, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимни ишдан четлаштириши шарт (мажбур деган маъно ҳам бор) бўлади:
➖қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органларининг талабига кўра;
➖алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келганида ёки ишда бўлганида;
➖меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаганда;
➖мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганда;
➖ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши аниқланганда;
➖тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра 4 ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходимни ўтказиш рад этилганда ёхуд иш берувчида иш мавжуд эмаслиги муносабати билан бундай ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда;
➖ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда.
- Иш берувчи қуйидаги ҳолатларда ходимни ишдан четлаштиришга ҳақли, яъни мумкин (мажбур эмас деган маъно ҳам бор):
➖ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда;
➖хизмат текшируви ўтказилган тақдирда ҳам, агар муайян ходимнинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса.
- Расмийлаштириш тартиби. Ходимни ишдан четлаштириш иш берувчи буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқда четлаштириш учун асос бўлган юқорида келтирилган сабаблар аниқ кўрсатилиши лозим. Кейин, ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқда четлаштириш амалга оширилаётган муддат белгиланиши керак. Буйруқ ишдан четлаштирилган ходимга имзо қўйдириб етказилади. Ходим буйруқ билан танишишни рад этганда, бу ҳолат гувоҳлар иштирокида далолатнома билан расмийлаштирилади.
Ш.Р.Султонов,
Когон туман Адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази Бош юрисконсулти