Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонИшларни судгача олиб бормай, нотариус ҳузурида ҳал...

Ишларни судгача олиб бормай, нотариус ҳузурида ҳал қилиш мумкин

Судларда иш юкламаларининг меъёридан ортиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, фуқаролик ишларига оид низоларнинг тури ҳам, сони ҳам жуда кўп.

Шу боис судларнинг юкламасини енгиллаштириш, уларнинг айримларини нотариал ўтказиш ҳақида фикрлар мавжуд. Чунки баъзи ишларни судгача олиб бормай, нотариус ҳузурида ҳал қилиш мумкин. Бу эса аҳолига қулайликлар яратиши, сарсонгарчиликларнинг олдини олиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон Нотариал палатасида ўтказилган давра суҳбати шу долзарб мавзуга бағишланди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар суди судьялари ҳамда Тошкент шаҳар нотариусларидан вакиллар иштирок этди. Тадбирни Zoom дастури орқали Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда суд тизими ходимлари кузатиб борди.

Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров мамлакатимизда нотариал соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилгани, нотариусларнинг аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш даражаси ошаётганини таъкидлади. “Нотариус” ахборот тизими ишга туширилгани, нотариал хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча жараёнлар электронлаштирилгани бунга замин яратди. Бундай шаффоф тизим орқали кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш эса аҳолига фақат қулайлик яратади.

Давра суҳбатида иштирок этган судьялар судлар ва нотариуслар фаолияти, қандай ишларни нотариуслар орқали ҳал қилиш мумкинлиги бўйича мулоҳазаларини билдирди. Шу билан бирга, ворислик ҳуқуқи бўйича нотариал ҳаракатлар амалга оширилаётганда фуқароларнинг манфаатлари тўлиқ инобатга олинмаётгани айтиб ўтилди.

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизматни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маъсум Ҳотамов, Нотариал палатаси раиси ўринбосари Жамшид Раҳмонов, бўлим бошлиғи Зуҳра Мусаева ва бошқалар айнан шу масалада нотариал ҳаракатларни такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар ҳақида гапириб, ворислик ҳуқуқи бўйича нотариал ҳаракат ижроси мақбул ечим топиши учун қонунчиликда мавжуд механизмни тўғри қўллаш лозимлигини таъкидлади.

Мулк ҳуқуқи муддатсиз, ҳар қандай инсон ҳеч қачон эртага вафот этаман, деб ўйламайди. Фуқаро бирданига вафот этганида мулк ҳуқуқи қандай тасарруф этилади?

– Баъзи ҳудудларда эр вафот этганда турмуш ўртоғининг аризаси билан унга мулк ҳуқуқи бўйича гувоҳнома берилади, – деди Маъсум Ҳотамов. – Фуқаро вафот этганда даъво қилувчи йўқлиги ҳақида далолатнома олади. Худудларда айнан шу нотариал харакат бўйича уч хил амалиёт кузатилади, ана шу амалиётнинг бир хиллигига эришиш керак.

– Бизда меросхўрларни аниқлаш имконияти йўқ, илгари меросхўрлар ҳақида маҳаллалардан маълумотнома олинар эди, – дейди Нотариал палатаси раиси Д.Ашуров. – Ҳозир бу амалиёт йўқ. Давлат хизматлари агентлигида шажара яратиляпти, лекин у ишга тушгунча нотариусларимиз шу йўналишда қанчадан-қанча нотариал ҳаракатларни амалга ошириши зарур. Албатта, электрон тизим орқали фуқаронинг тириклиги ёки вафот этгани бўйича маълумотларни олиш имконимиз бор. Бу эса ҳозирча нотариусларни ҳимоя қиладиган ягона восита.

Давра суҳбатида чет эллардаги тажрибалар ҳақида маълумотлар бериб, нотариал ҳаракатлар бўйича маълумотларни солиштиришни электрон шаклга ўтказиш таклиф қилинди.

Баҳс ва мунозараларга бой бўлган тадбирда иштирокчилар нотариуслар ва судьялар ҳеч қачон бир стол атрофида ўтириб, муаммоларни муҳокама қилмагани айтилди. Кўриниб турибдики, фикр алмашиш иккала тараф учун ҳам фойдали бўлди.

Давра суҳбати якунида меросхўрларни яширганлик учун жавобгарлик белгиланиши, биргаликдаги мулк ҳуқуқи, эр ёки хотиннинг вафотидан кейин мулкни тасарруф этиш ва бошқа нотариал ҳаракатларга нисбатан ўзгартишлар киритиш бўйича қонунчиликка таклифлар киритишга келишиб олинди. Қонунчиликни қўллашда учраётган хилма-хилликларнинг олдини олиш бўйича қўлланма яратиладиган бўлди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз