Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир.
Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминловчи ҳуқуқий тизим яратилди.
Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Судларнинг мустақил, эркин фаолият олиб боришини таъминлаш борасида қўйилган дастлабки қадамлар ўз натижасини бераётганини ўтган уч йил вақт мобайнида оқланган шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, 2016 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш амалиёти деярли бўлмаган. Кейинги уч йилда кескин ўзгаришни кузатяпмиз.
Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Давлат раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида бу борадаги ислоҳотлар давом эттирилиши таъкидланиб, жиноий жазоларни либераллаштирилиши натижасида 2020 йилда судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани, шунингдек жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига ўтган 616 нафар фуқаро авф этилгани ҳамда 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Мурожаатномада суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда “бир суд – бир инстанция” тамойили бош мезон бўлиши лозимлиги, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши лозимлиги қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, мурожаатномада таъкидланганидек, 2021 йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят судлари ягона суд сифатида бирлаштирилиши ҳамда суд муҳокамасига дастлабки эшитув институтини жорий этилиши аҳолига ўзига хос қулайликларни яратади.
Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов ҳайъати ташкил этилиши баробарида эндиликда инвесторларда, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши ҳуқуқи мавжуд бўлди.
Фуқароларимиз судга онлайн тартибда мурожаат қилишлари ва ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб боришлари мумкин бўлади.
Эндиликда, биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилган тақдирда, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд тизимида рўй бераётган ўзгаришлар, аввало жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгандир.
Айнан шунинг учун ҳам, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклиги тўғрисидаги Президентнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир судья ва суд ходими жуда катта масъулият ва фидойилик нуқтаи назаридан ўз вазифасига ёндошиши лозим ҳамда барчамиз давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган ушбу вазифаларни фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида сидқи дилдан бажаришга халқимиз олдида ва Президентимиз олдида масъуллигимизни унутмаслигимиз лозим.
Шуҳрат Бакаев,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси
Санжар Абдуганиев,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси