Бош саҳифаМуҳимИслом цивилизацияси марказига янги вазифалар юкланди

Ислом цивилизацияси марказига янги вазифалар юкланди

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар Марказнинг янгиланган асосий вазифалари этиб белгиланди:

    • муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш;
    • Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича зарур чораларни кўриш;
    • буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиб бориш;
    • ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган, миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунлик моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа маҳсулотлар, илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш;
    • зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлаш;
    • илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлаш;
    • Ўзбекистон халқининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси бўйича фундаментал тадқиқотлар дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш;
    • ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни доимий ташкил этиб бориш;
    • ислом цивилизацияси йўналишида амалга оширилган янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, республика музейлари ва кутубхоналарида ишлаётган ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш бўйича илмий-амалий ва услубий тренингларни йўлга қўйиш;
    • ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш, қоғоз, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш, ислом манбаларини ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
    • “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясининг мазмун-моҳиятини, жумладан унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз