Бош саҳифаLife StyleИталия газеталарида Ўзбекистон нотариал тизимидаги янгиликлар

Италия газеталарида Ўзбекистон нотариал тизимидаги янгиликлар

Ҳаёт ҳамиша у ёки бу тасодифлардан, қувонч ва ташвишлардан иборат. Ўтмишда ҳам, бугун ҳам ҳар бир қадамимизнинг қонуний асосий нотариал идорада муҳрланади, шаҳодатланади. Меросми ёки мулк ҳуқуқими, ишончли ишончномаларми, ҳадяларми, турли йўналишдаги шартномаларми ва ҳатто оддийгина ҳужжатлар нусхасини тасдиқлаш ҳам ана шу идора зиммасида.

Мазкур соҳа адлия тизимининг доимий янгиланишни, замонавий хизматлар турини тақдим этишни талаб қиладиган соҳасига айланди.

Тан олиш керак, бу соҳа илгари фақат қоғоздаги ҳужжатларга асосланган ва энг ачинарлиси, коррупциялашган тармоқ бўлгани аниқ. Бугунги кунга келиб соҳа тамоман электронлаштирилиб, энг шаффоф тизимлардан бирига айланмоқда.

Notarius” электрон тизими орқали нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ барча маълумотларни олиш, электрон навбатга ёзилиш мумкин. Ҳар бир нотариуснинг ҳаракати мазкур тизимда акс этиши уларни ҳалол рақобат муҳитида фақат қонуний ишлашга ўргатмоқда.

Хусусий нотариуслар ташкил этилгани, бугунги кунда уларнинг сони ортиб бораётгани, тизимни Нотариуслар палатаси мувофиқлаштириб бораётгани, муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминламоқда.

Айниқса, халқаро ҳамкорлик алоқалари, илғор тажрибаларни миллий амалиётга жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар нотариал соҳанинг ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Қолаверса, бундай ҳамкорлик хорижий давлатларда фаолият юритаётган фуқароларимизга ҳам қулайлик яратиши табиий.

Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган II  Халқаро юридик форумда ҳам электрон нотариатни жорий этиш муҳимлиги, уни такомиллаштириш бўйича  Германия нотариуслари Федерал палатаси, Литва, Украина ва Россия Нотариал палаталари раҳбарлари ҳамда бир қатор хорижий давлатлар нотариал палатаси етакчилари билан  ўзаро тажриба алмашилди.

Ўзбекистон Нотариуслар палатаси Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш баробарида ривожланган давлатлар Нотариуслар палаталари билан ҳам фаол мулоқот олиб бормоқда.

Бу каби ютуқлар хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборига тушиб, улар Ўзбекистон нотариуслари ҳақида мақолалар чоп этмоқда. Хусусан, яқинда Италиянинг “Gazetta di Milano” газетасида Ўзбекистон Нотариуслар палатаси раиси Дилшод Ашуровнинг миллий нотариал соҳадаги янгиланишлар ҳақидаги мақоласи чоп этилди.

Бундан ташқари, Италиянинг “Gazetta di Avellino”, “Gazetta di Napoli”, “Gazetta di Salerno” газеталарида ҳам Ўзбекистон нотариал соҳасидаги янгиликлар ҳақида мақолалар эълон қилинди.

Бундан аввал Саудия Арабистони, Уммон қироллиги, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Украина давлатлари оммавий ахборот воситаларида шу каби мақолалар чоп этилган эди.

Муҳими, бу каби чиқишларда нафақат ютуқлар, балки халқаро ҳамкорлик алоқалари, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ватандошларимизга хизмат кўрсатиш тартиблари ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда.

Хорижда ишлаётган, ўқиётган юртдошларимизга қулайлик яратиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳамлаш мақсадида меморандумлар ҳам имзоланмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳам ўзаро келишув шартномаси имзоланган.

Қисқа вақтда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Украина, Литва, Беларусь Республикалари Нотариал палаталари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган бўлса, яқинда Қозоғистон Нотариал палатаси билан ҳам  ана шундай меморандум имзоланди.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари давом эттирилади. Эътиборлиси, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқига аъзо бўлади. Бу эса Ўзбекистон имиджини Халқаро майдонда намойиш этишга арзийдиган имкониятлардан яна биридир.

Маруса ҲОСИЛОВА,
                                                                            журналист

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз