Шерзод АБДУЛЛАЕВ,
Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи:
Эндиликда қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартишлар натижасида қонун ҳужжатларида белгиланган топшириқларни бажармаганлик, ижро интизомини жиддий равишда бузганлик, ўз иш вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлик ва бошқа масалаларда адлия органлари томонидан киритилган тақдимномаларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2021 йил 14 январь куни Президент томонидан имзоланди.
Қонунга биноан 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилган. Жумладан, Қонун 1758-моддаси Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан тўлдирилди. Унга кўра давлат харидлари режаларини, шу жумладан режа-жадвалларини шакллантириш ва жойлаштириш тартиби бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик, давлат харидлари бўйича эълонлар жойлаштириш тартибини, муддатларини ҳамда давлат хариди натижаларини жойлаштириш муддатларини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Давлат харидлари тўғрисидаги эълонларга ва харид ҳужжатларига қонунчиликда тақиқланган ҳамда рақобатни чекловчи ахборотни, ҳаволалар ва талабларни киритиш, харид ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда буюртмаларни шакллантириш тартибларини бузиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
Товарларни, ишларни ва хизматларни етказиб берувчиларни тендер ўтказиш йўли билан аниқлаш талабларини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Қонунга киритилган ўзгартишларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 1984-моддаси киритилгани яъни адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланиши саналади.
Мазкур моддага кўра, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Албатта, мазкур норма қонун ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашишни талаб этади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга биноан 2016 йил 11 апрелда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунига тегишли ўзгартириш киритилиб, Қонунчилик палатаси, Сенат Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий Мажлис палаталарига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни ҳар чоракда юбориши белгиланди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига, Сенатга тақдим этади.
Қонунчилик палатаси, Сенат Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни тегишинча фракцияларда, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқиши қайд этилди.
Мазкур норма орқали фракциялар, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Бу эса давлат бюджети маблағларини мақсадли ва манзилли сарфланиши, соҳалар эҳтиёжига қараб маблағ ажратилишини таъминлайди.