Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонИжро қилинмаган қонун қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ

Ижро қилинмаган қонун қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ

Мурожаатномани тинглаб…

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида тарих саҳифаларида қолиши билан бирга, Ўзбекистоннинг келажагига хизмат қиладиган  муҳим вазифаларни ҳам илгари сураётганлигини ва бу борада зиммамизда масъулиятли вазифалар борлигини эътироф этиш зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу галги Мурожаатномасида  2020 йилда эришилган натижалар, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Келгуси йилга ном берилиб, мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгилаб олинди.

“Демократик ислоҳотлар сари йўл — биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”, — дея  урғу берди  Президентимиз.

Жумладан, ислоҳотлар самарадорлиги қуйидаги тўртта омилга боғлиқ экани  алоҳида таъкидланди:

  • қонун устуворлиги;
  • коррупцияга қарши қатъий кураш;
  • институционал салоҳиятни юксалтириш;
  • кучли демократик институтларни шакллантириш.

Ҳар қандай давлатнинг ривожланиши қонун устуворлигини таъминлашга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Қонунлар мамлакатнинг жон томири, нафасидир. Ижро қилинмаган қонун эса қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ. Чунки у қонун устуворлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни шубҳа остига қўяди. Фуқароларда давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотади ва турли норозиликларни келтириб чиқариши  мумкин. Натижада бугунги ислоҳотларга нисбатан одамларнинг ўй-қарашлари, фикрлари ўзгаради.

Президентимиз томонидан Олий Мажлисга йўлланган   Мурожаатномада ҳам айнан шу масалага алоҳида урғу берилди. Бундан буён, Адлия вазирлигининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш ҳиcобланиши алоҳида таъкидланди. Жойлардаги ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари бекор қилиниши борасидаги  маълумотлардан   қонун ва  қонун ости ҳужжатларни тушуниш ва унга амал қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради. Қонун ва  қарорларни нафақат  давлат идоралари масъуллари, балки барча фуқаролар билиши, англаши ва уларни  ўз ҳаётида татбиқ этиши зарур. Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий талаби шундай.

Бунинг учун энг аввало қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун ва моҳиятини  тушуниш ва тушунтириш,  барчага  содда ва оддий тилда етказишга эътибор қаратиш талаб этилади.  Жумладан,  бунда  қонунлар тарғиботи, ўз-ўзидан ҳуқуқий тарғиботнинг роли яна бир карра  ошганлигини  эътироф этиш зарур.  Қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик биринчи галда турли соҳа вакилларининг ўз ишига, вазифасига бўлган муносабатини ўзгартиришини тан олиш керак.

Бу борадаги аниқ топшириқларни ўзимизга аллақачон белгилаб олганмиз. Мурожаатномада таъкидланган “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” деган кўрсатув ташқил қилиш эътиборимизда.

Шунингдек, Мурожаатда ислоҳотларнинг ноаниқ ва самарасиз жиҳатлари ҳам тилга олинди. Айрим жабҳаларда ислоҳотларга  эътиборсизлик ва сусткашликларга  ҳам йўл қўйилганлигидан, ислоҳотлар  фақат ислоҳот учун, номигагина амалга оширилганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Энди эса ислоҳот жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади. Халқни қийнаётган муаммолар эса оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа “барометрлар” орқали аниқланади”, — дея  уқтирди  давлатимиз раҳбари.

Халқимизда “Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар” деган яхши мақол бор. Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилиб, ночор қолса, бугунги кунда ҳуқуқини билмаган киши ҳам ҳамёнидан, ҳам ҳаётдаги барча яхши имкониятлардан  айрилиши айни ҳақиқатдир. Бу эса ҳар бир шахс ким бўлишидан қатъи назар ўз ҳуқуқини, бурчини билиши керак, демакдир.

Яна бир муҳим ҳақиқат  шуки,  ҳар қандай тизим ходимлари ўз йўналиши доирасида миллий қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлса, соҳага оид муамммоларни бартараф этишнинг қонуний чораларини кўра олса, жамиятда қонун устувор бўлади. Одамларда қонунга нисбатан ҳурмат кучаяди, фуқаролик жамияти шаклланиши тезлашади.

Бу, албатта, адолатли жамият барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир.

Фурқат Тожиев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз