Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонИжро қилинмаган қонун, қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ

Ижро қилинмаган қонун, қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ

Куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида юртимиз тараққиётида янги босқични белгиловчи, барча соҳаларда ислоҳотларни амалга оширишни кўзловчи, ижтимоий-иқтисодий инфраструктурани ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилади.

Эътиборлиси, Мурожаатномада асосий жиҳат шиддат билан ўзгараётган ва янгиланаётган даврда юртимиздаги ислоҳотлар негизида халқимизнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволини янада яхшилаш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилди.

Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўяр эканмиз, албатта, бу йўлда жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлод муҳим ўрин тутишини унутмаслик керак. Олдимизга қўйган буюк мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда, ислоҳотларимиз кўламини янада оширишда ҳар томонлама баркамол, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрга эга, ташаббускор ёшларимизга таянамиз. Янги Ўзбекистонни фақатгина янги дунёқараш, янги ғоя-фикрлар, жўшқин қалб билан барпо этиш мумкин. Шу фикрдан келиб чиқиб, 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилди.

Албатта ҳар қандай давлат ривожланишида илм-фан асосий ўрин тутади. Тараққиёт ва илм-фан ўзаро чамбарчас тушунчалар бўлиб, барча соҳаларга илм-фан ютуқлари, инновация ишланмаларини татбиқ этиш, фан билан ишлаб чиқаришни бир-бирига яқинлаштириш устувор мақсад саналади.

Хусусан, Президентимиз 12 октябрь куни ўтказилган йиғилишда ҳам интеллектуал мулк масаласини давлат сиёсати даражасига кўтармас эканмиз, Ўзбекистон бундан ўн йилдан кейин ҳам рақобатдош бўлмаслигини таъкидлаган эдилар. Дарҳақиқат  ихтирочи ёшлар ва олимларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг илмий, иннновацион қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни мунтазам равишда рағбатлантириб бориш, таълим даргоҳлари, илмий муассасаларда ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш жуда муҳим саналади. Мамлакат ёшлари интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорини юзага чиқаришда нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш ўта долзарб масаладир.  Шу мақсадда келгуси йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.

Янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади. Бу эса, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни пайдо бўлишига ва бу орқали таълим сифати ошиши, малакали кадрларни етиштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари Мурожаатномада фундаментал таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратиш белгиланди. Шунингдек, ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш мақсадида  Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу эса мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш устувор вазифа эканлигининг яна бир исботидир.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган ушбу тадбир тўртинчи бор ўтказилиб, бу галги Мурожаатнома ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб даврга тўғри келди.

Шунга қарамай, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги ишлар узлуксиз олиб борилди. Ўзбекистон 2020 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб сайлангани, яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг натижасидир.

Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди.

Мамлакатимизнинг халқаро кўрсаткичларда юқори поғоналарни эгаллашида қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Чет эл инвесторларини жалб қилишда, халқаро баҳоловчи ташкилотларнинг ижобий муносабатини шакллантиришда очиқлик ва ошкоралик сиёсати ҳуқуқий демократик давлатининг бош мезони ҳисобланади. Айниқса, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қонунлар ижроси сўзсиз бажарилиши лозим. Ваҳоланки, ҳар қанча долзарб, муҳим қонунлар, фармонлар, қарорлар қабул қилинмасин, улар ижро қилинмаса аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш бўйича ҳаракатлар самарасизлигича қолади.

Ижро қилинмаган қонун, қабул қилинмаган қонундан зарарлироқ. Чунки у қонун устуворлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни шубҳа остига қўяди. Президент томонидан Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномада ҳам айни масалага алоҳида урғу бериб, Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси сифатида қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш белгиланди.

Шубҳасиз, қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар жойларда ижросини таъминлаш, мутасаддиларнинг янгилик ва ўзгаришлардан, вазифаларни амалга ошириш механизмларидан хабардорлигини ошириш юртимиздаги ислоҳотлар самарадорлигини белгилайди.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини мужассамлаштириб, юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиш, қабул қилинаётган қонунлар инсонпарварлик ва одиллик ғоясига хизмат қилиши, ОАВнинг ҳокимият органлари ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажариши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга қисқа вақтда ечим топишни ўзида акс эттирганлиги билан аҳамиятлидир.

Тўлқин Абдусатторов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги 
Интеллектуал мулк агентлиги директори

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз