Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган икки автобус ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича Н. Б. (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1-сонли автобус саройига қарашли 28-сонли йўналиш автобус ҳайдовчиси) ва М. М. (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Avtosantrans-servis”га қарашли 155-сонли йўналиш автобус ҳайдовчиси)га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.
Суд мажлисида аниқланишича, 2023 йил 28 февраль куни соат тахминан 8:30 ларда Яшнобод тумани Иззат кўчасида ўзларига бириктирлган автобусларни бошқариб, ҳаракат давомида бир-бирларига йўл бермасдан келиб, шу кўчада жойлашган 76-сонли автобекат олдида тўхтаб, жамоат жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжаллашиб, бекатда турган фуқаролар олдида бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, фуқаролар осойишталигини бузиб, майда безорилик қилишган. Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилишган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 2 мартдаги қарори билан Н. Б. ва М. М. нинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкинлиги маълум қилинади.