Ҳозирги кунда, замонавий жаҳон иқтисодиётида кадрлар ҳар қандай ташкилотнинг энг муҳим бойлигига айланиб улгурган. Инсон ресурслари ҳар бир ташкилотнинг самарали ишлашининг энг муҳим жихатларидан биридир. Агар ташкилотда кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш жараёни яхши ташкил этилган бўлса, ушбу ташкилотда иш самарали бўлади. Шунинг учун ҳозирда ишга қабул қилишнинг самарали тартибини яратиш аксарият ташкилотларнинг дастлабки вазифасига айланиб улгурди.
Ташкилотдаги «кадрлар масаласи» самарали ечилиши учун, ишга қабул қилиш жараёнига профессионал тарзда ёндашиш зарур.
Шу сабабли, Адлия вазирлиги хузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тизимида ходимларни саралаб олиш ва лавозимга тайинлаш борасидаги тизими пухта ишланган бўлиб, ҳар томонлама шаффофликни таъминловчи тизим яратилганлигини айтиб ўтсак муболаға бўлмайди.
Жумладан, бошқарма тизимига юқори салоҳиятли кадрларни ишга қабул қилиш жараёни бир неча босқичда амалга оширилади.
Тизимда мавжуд бўш ўринларга танлов расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади. Танловда иштирок этишни хоҳловчи номзодлар 15 кун давомида ариза ва унга илова ҳужжатларни тақдим қилиши лозим. Белгиланган муддатдан сўнг номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилади ва танловда иштирок этиши ёки этмаслиги, танлов ўтказилиш санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда почта орқали уларнинг уй манзилларига хабарнома юборилади.
Танлов куни номзодларнинг билимларини баҳолаш юзасидан тест олинади. Тест синовидан зарур балларни тўплаган номзодларни кейинги босқич суҳбатга киритилади.
Таъқидлаб ўтиш лозимки, мазкур ишга қабул қилиш жараёни очиқ ва шаффоф тизим асосида ўтказилиши таъминланиб, жараён davxizmat.uz сайти орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиб, ушбу жараённи исталган кишига нафақат мамлакатмиз ҳудудида, балки, бутун жаҳон бўйлаб кўзатиш имконини берди.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, ташкилот олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлган билимли номзодларни ишга қабул қилишда тест, суҳбат жараёнида тушадиган саволларни танлаш электронлаштирилган тизим орқали амалга оширилмоқда.
Номзодлар томонидан тест синовларини компьютерлар орқали топширилиши, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар маҳсус генератор орқали номзод томонидан танланиб олинишининг жорий қилинганлиги, ушбу жараёнга инсон омилининг аралашувини энг юқори даражада камайишига ва бу орқали шаффофликни таъминланишига хизмат қилмоқда.
Ҳозирда Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси тизимида мавжуд 16 та бўш иш ўринларига танлов эълон қилинган бўлиб, шундан 4 тасига ҳеч қандай номзод ҳужжат топширмаган, қолган 12 тасига эса 181 нафар номзодлардан танловда иштирок этиш юзасидан аризалар келиб тушган. 2021 йилнинг 7-8-январь кунлари танловнинг тест топшириш босқичи бўлиб ўтган бўлиб, унинг натижаларига кўра, номзодларнинг 33 нафари тест жараёнида иштирок этиш учун етиб келмаган. Тестда иштирок этган 148 нафар номзодларнинг 123 нафари тест синовларидан керакли баллни тўплай олмаган. Тест синовларида 25 нафар номзод керакли балларни тўплаб, суҳбатга кириш имкониятини қўлга киритган.
Кадрларни саралаш жараёнида бажарилаётган ишларнинг барчаси, тизмда шаффофликни таъминлаган ҳолда, ишга салоҳиятли, чуқур билимга эга ва малакали кадрлар қабул қилишдан иборатдир.