Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонҚайси масала кимники: давлат органларига мурожаат қилишда...

Қайси масала кимники: давлат органларига мурожаат қилишда ваколатли органни тўғри аниқлаш нима учун муҳим?

Ҳар бир фуқаро давлат органига мурожаат қилиш ва мурожаатига жавоб олиш ҳуқуқига эга. Бироқ мурожаатни манзилини тўғри топиб йўллаш унинг тез ва тўлиқ ҳал бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Яъни, аввало, ваколатли органни тўғри белгилаб олиш керак.

Мурожаат ваколатли органга юборилмаса, нима бўлади?

Ваколатли бўлмаган органга мурожаат қилиш қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

а) мурожаатингизда кўтарилган масала ҳал қилинмаган жавобни оласиз (мурожаатга сансоларлик (юзаки) билан ёндашилади);

б) мурожаатингиз 5 кун ичида ваколатли органга юборилади. Бу, ўз навбатида, масалангиз ҳал этилишини кечиктиради.

Шу муносабат билан аризангизни кўриб чиқиш учун масъул бўлган давлат органини тўғри аниқланг.

Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқишни асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, уни қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга юбориш ҳам тақиқланади.

 

Ваколатли органни қандай аниқлаш мумкин?

Ваколатли давлат органини аниқлашнинг бир неча йўллари бор:

1) давлат органларининг низомларида ёки қонунларда акс эттирилган вазифалари ва функцияларини ўрганиш (энг ишончли ва самарали йўл);

2) давлат органига қўнғироқ қилиш (ишонч телефони) ва масалани ҳал қилишда унинг ваколатига аниқлик киритиш;

3) давлат органининг расмий веб-сайтига кириш ва унинг фаолиятини ўрганиш.

Кейинги босқичда мурожаатингизни кўриб чиқадиган давлат органининг даражасини белгилашингиз керак. Аксарият давлат органларининг марказий (республика), ўрта (вилоят) ва қуйи (туман, шаҳар) бўғинлари мавжуд.

Мурожаатингизни дарҳол давлат органларининг марказий аппаратига (республика даражасига) юборишга шошилманг. Чунки мурожаатингиз тегишлигига кўра бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга юборилиши мумкин. Бу мурожаатингиз ҳал этилишини кечиктиради.

Бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга қилган мурожаатингизга берилган жавобдан қониқмаган тақдирдагина мурожаатингизни марказий аппарат (республика) даражасига олиб чиқиш тавсия этилади.

 

Ваколатга эга бўлмаган органларга мурожаатни йўллашда энг кенг тарқалган хатолар

  1. Судьянинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоятларингиз мавжуд бўлса, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга асосан Судьялар олий кенгашига ёки “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги низомига мувофиқ Судьяларнинг олий малака ҳайъатига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, ҳал қилув қарори, ҳукм, ажрим ва қарор билан боғлиқ норозилик юзага келган тақдирда, шикоят процессуал қонунчиликка мувофиқ юқори судга юборилади.

Агар Сиз бундай саволлар билан, масалан, бирон-бир вазирликка мурожаат қилсангиз, у судга қарши чораларни кўриш ҳуқуқига эга эмас. Чунки “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

  1. Агар тергов органларининг ҳаракатларидан норози бўлсангиз, ушбу хатти-ҳаракатлар устидан шикоят бериш Жиноят-процессуал кодексига биноан процессуал тарзда ҳам амалга оширилади (масалан, терговчининг ҳаракатлари устидан шикоят бериш тергов бўлинмаси раҳбари ва ишни тергов қилиш чоғида қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи прокурорга тақдим этилади)

Агар бирон-бир банкнинг ҳаракатларидан норози бўлсангизшуни инобатга олиш лозимки, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг хусусий банк фаолиятига аралашиши, шу жумладан, улар маблағлари ҳисобидан турли тўловлар ҳамда бадаллар талаб қилиши тақиқланади. Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга асосан Марказий банк кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг, кредит бюроларининг ва банклар гуруҳларининг фаолиятини тартибга солади ҳамда ушбу фаолият устидан назоратни амалга оширади.

Шу муносабат билан, юқорида кўрсатилган масалалар бўйича банк фаолияти тўғрисида шикоятларингиз бўлса, Марказий банкка мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Қаерга мурожаат қилиш мумкин?

  • Давлат органларига (масалан, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар
    ва бошқалар.);
  • давлат муассасаларига (масалан, давлат мактаблари, университетлар, кутубхоналар ва бошқалар.);
  • давлат иштирокидаги ташкилотлар;
  • фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига (йиғинлар);
  • мансабдор шахсларга.

* устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти. Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, МАК “Ўзбекистон ҳаво йўллари”.

** давлат органларида, муассасаларида, давлат иштирокидаги ташкилотларда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида тайинланадиган ва сайланадиган ёки маълум вазифа юклатилган шахс.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз