Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонҚамоқда ўлган фуқаронинг ўлими 24 йилдан сўнг...

Қамоқда ўлган фуқаронинг ўлими 24 йилдан сўнг қайд этилди

Тошлоқ туман адлия бўлимига тумандаги Сувбоши маҳалласида истиқомат қилувчи Ўктамжон Ибрагимовдан мурожаат келиб тушди. Унда муаллиф 1997 йилда вафот этган отаси Баротали Ибрагимовнинг ўлим гувоҳномаси бўлмагани боис уй-жой олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда муаммога дуч келганини билдириб, отасининг ўлганлик фактини белгилатишда амалий ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида аён бўлдики, 1947 йил 18 июлда туғилган Баротали Ибрагимов 1989 йилда суд томонидан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Аммо сил касалига чалингани боис 1997 йилнинг 18 июлида — роппа-роса 60 ёшида жазони ижро этиш муассасасида вафот этган. Гарчи марҳум ўшанда Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қабристонга дафн этилган бўлса-да, бироқ бу ҳолат ҳеч қаерда, ҳеч қандай ҳужжатда қайд қилинмаган.

Хусусан, Тошлоқ туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2021 йил 19 январда берилган маълумотномага биноан, фуқаро Б.Ибрагимовнинг дафн этилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас. Қолаверса, Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси ФҲДЁ архивининг 2021 йил 15 январдаги 10/1-662-сонли маълумотномаси ҳам буни тасдиқлаган. Шу боис 2020 йил 21 январда Тошлоқ туман ФҲДЁ бўлими томонидан ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этишни рад қилиш хулосаси берилган. Фақатгина Сувбоши маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг 2021 йил 19 январь кунги далолатномаси билан фуқаро Баротали Ибрагимовнинг 1997 йил 18 июль куни вафот этганлигини тасдиқлаб берган холос.

Бинобарин, Тошлоқ туман адлия бўлими томонидан Баротали Ибрагимовнинг 1997 йил 18 июль куни вафот этганлиги ҳақидаги ўлим фактини белгилаш юзасидан Марғилон туманлараро судига даъво ариза киритилди. Натижада суд адлия бўлимининг аризасини қаноатлантириб, марҳумнинг тилга олинган санада ўлганлик фактини белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Лола БЕКМИРЗАЕВА,
Тошлоқ туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз