Ижтимоий тармоқларда Қарши халқаро аэропортида самолёт ўт олмагани ва йўловчилар самолёт ичида иссиқда қолиб кетгани ҳақидаги видео юзасидан Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати изоҳ берди.
Хабар берилишича, 2021 йилнинг 5 июнь куни Россиянинг “Royal Flight” авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортидан ABG-2604 Қарши – Домодедово рейсини амалга ошириши лозим эди. Шу куни соат 13:32 да “Royal Flight”нинг Boeing-767-300 русумли самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропорт томонидан барча техник ва сервис хизматлари кўрсатилгач, соат 16:10 да барча йўловчилар самолётга чиқариб бўлинди.
Бироқ республикада кузатилаётган иссиқ туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолди. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермади. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламади.
Таъкидланишича, халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади. Экипаж командири йўловчиларни тушириш ҳақида қарор қабул қилгач, йўловчилар самолётдан зудлик билан туширилди. Қарши халқаро аэропорти томонидан йўловчилар учун аэровокзалда барча зарур шароитлар яратиб берилди.
Самолёт 6 июнь куни тонгги соат 04:54 да белгиланган манзилга жўнаб кетди ва 329 нафар йўловчи Домодедово аэропортига соғ-саломат элтиб қўйилди, дейилади хабарда.