Бир танишим қийин ҳолатга тушиб қолганлиги сабабли катта миқдорда қарз бериб туришимни сўради. Қарзни қайтаришда муаммо келиб чиқмаслиги учун нима қилсам бўлади?
Мазкур ҳолатда қонунчиликда қуйидаги тартиблар белгиланган:
Сиз танишингизга 2 230 000 сўмдан ортиқ қарз берган тақдирингизда ёзма шаклда шартнома тузишингиз лозим (Фуқаролик Кодекси, 108-модда).
Қарз олувчининг тилхати ҳам ёзма шартнома ўрнига ўтади.
Агар фуқаро жисмоний камчилиги, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли битимни шахсан ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан битимни бошқа фуқаро имзолаши мумкин.
Бундай ҳолатда бошқа фуқаронинг имзоси нотариус томонидан тегишли тартибда гувоҳлантирилиши шарт.
Шуни ёдда тутингки, қарз шартномасининг ёзма шаклда тузилишига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бироқ низо чиққан тақдирда битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳлар билан тасдиқлаш имкони бўлмайди.
Қарз олувчи олинган қарзни шартномада назарда тутилган муддатда ва тартибда қайтариши шарт.
Агар қарзни қайтариш муддати шартномада белгиланмаган бўлса, қарзни қайтариш сўралган кундан бошлаб 30 кун мобайнида қайтариши керак.
Муаммо келиб чиқмаслиги учун қарз шартномасини ёзма шаклда тузишингиз, истасангиз ушбу шартномани нотариал идорада тасдиқлашни талаб қилишингиз мумкин.
Манба: Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти