Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқКасаллик варақаси қандай ҳолларда неча кунга берилади?

Касаллик варақаси қандай ҳолларда неча кунга берилади?

Оиланинг бирор аъзоси бетоб бўлганда парваришлаш учун касаллик варақаси берилади. Касаллик варақасининг неча кунга берилиши эса қуйидагича тартиб-қоидалар билан белгиланади:

1. Ўн тўрт ёшдан катта беморни парваришлаш учун етти календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Бунда касаллик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслиги ҳамда меҳнат таътилида эканлигидан қатъи назар, беморнинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига берилиши мумкин.

2. Ўн тўрт ёшга етмаган боланинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Онаси бўлмаса ёки бетоб бўлса бола билан бирга яшаш ёки яшамаслигидан қатъи назар, бошқа оила аъзоларига ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

3. Бола 14 кунда тузалмаса соғайгунича (сурункали касаллик бўлса ремиссия даврига ўтгунича) парвариш учун унинг яқинларига меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) берилади.

Агарда бола олдинги касаллигига боғлиқ бўлмаган янги касаллик билан оғриса ёки оиланинг бошқа фарзанди касал бўлиб қолса, умумий асосларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади.

4. Бола касалхонага юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) бола стационарга қабул қилинган кундан ёпилади. Агарда бола касалхонадан чиққандан кейин ҳам у парваришга муҳтож бўлса, стационарга қабул қилинган кунга қадар берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг кунлари чегирилиб, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) берилади.

5. Оилада бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола касалликка чалинса, уларни амбулатория шароити (уй)да парвариш қилиш бўйича битта меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) берилади.

Агар икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола навбатма-навбат касалликка чалинса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138\х шакл) уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилади.

Биринчи боланинг касаллиги даврида бошқа бола касалликка чалинса, кейинги болани парвариш қилиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси биринчи бола учун берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёпилганидан кейин, ушбу варақа бўйича мос тушган кунлар чиқариб ташланган ҳолда берилади.

6. Она ёки унинг ўрнини босувчи шахс касал бўлганда ёки бошқа фарзанди билан стационарда бўлганда уч ёшга тўлмаган соғлом болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани парваришлаш учун қариндошларига ҳудудий поликлиникаси врачлик маслаҳат комиссияси томонидан она бўлмаган муддат учун бир йўла ўн тўрт кунгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкин.

7. Карантин шароитида эса боғчага борадиган болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

8. Стационар шароитда, яъни касалхонада уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун даволаш қанча давом этса шунча пайтга касаллик варақаси берилади.

ОИВ инфекциясини юқтирган боланинг яқинларга ҳам бола шифохонада ётган барча давр учун бир йўла меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

9. Оиланинг бетоб аъзосини парваришлаш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ходим меҳнат таътилида бўлган даврда ҳам берилади.

Элдор Эргашев,
Нурафшон шаҳар Адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз