Касби туманида яшовчи фуқаро Ж.Рустамов мактабда ўтказилган кўрик танловда 2-ўринни эгаллаган. Аммо ғолибга ваъда қилинган пул мукофоти берилмаган. Шу сабабли Ж.Рустамов ўз ҳуқуқларини тиклаб беришлари учун Қашқадарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди. Унинг мурожаати бошқарма бошлиғи ҳамда туман адлия бўлимитомонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланишича, қонунчиликка кўра танлов ғолиблари туман босқичида 1-ўринни эгаллаган тумандаги 12-мактабга 100 млн сўм, 2-ўринни эгаллаган 11-ИДУМга 75 млн сўм, 3-ўринни эгаллаган 53-ИДУМга 50 млн сўм Президент соврини билан туман маҳаллий бюджетидан мукофотланиши ҳамда Президент соврини сифатида пул мукофотлари 5 кун ичида ғолиб мактабларнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилиши керак эди.
Бироқ Касби туман ҳокимининг тегишли қарори билан туман маҳаллий бюджети ҳисобидан энг яхши мактаб танловида 1-ўринни эгаллаган 12-мактабга 100 млн сўм ва 3-ўринни олган 53-ИДУМга 50 млн сўм тўлаб берилиб, 11-ИДУМ Президент мактаблари агентлиги тизимига ўтиб кетганлиги сабабли 2-ўринни эгаллаган бўлишига қарамай 11-ИДУМга 75 млн сўм пул маблағлари тўлаб берилмаган.
Касби туман адлия бўлими томонидан туман ҳокими номига тақдимнома киритилди, натижада Халқ депутатлари Касби туман Кенгашининг тегишли қарори билан Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловида 2-ўринни қўлга киритган 11-ИДУМга (унинг ҳуқуқий вориси бўлган Касби ихтисослаштирилган мактабига) 75 млн сўм тўлаб бериш ҳақида қарор қилинди ва мурожаат қаноатлантирилди.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати