Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқКелгуси йилдан бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади

Келгуси йилдан бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида бир қатор муҳим фикрларни таъкидлаб ўтди.

Сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйилгани,  бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги айтиб ўтилди.

«Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди», деди Президентимиз.

Давлат раҳбарининг берган тавсияларига кўра:

янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши керак;

ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган;

келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади;

жорий йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади;

келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилади. Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин;

суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Мазкур мурожаатнома асносида 2021 йилнинг 12 январь куни Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Қонунлар қабул қилинди.

Мурожаатнома ва қабул қилинган Қонунлар бўйича Суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар адолат устуворлиги кафолати бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш борасида қўйилган юксак босқич эканлигини эътироф этиш мумкин.

Фурқат Анаров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Қарши туманлараро суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз