Касбим тақозоси билан ёнимга турли феъл-атворли одамлар келишига ўрганиб қолганман. Кунига 10 талаб фуқароларнинг нотариал ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида уларнинг хатти-ҳаракатидан феъли, нима демоқчилигини ҳам билиб оламан баъзида.
Бугун ҳам идорамга 70 ёшлардаги аёл кириб келди. Муқаддас Рамазон ойининг биринчи куни, келувчиларни иложи борича хушмуомалалик билан кутиб олишни тайинлаганман ёрдамчиларимга ҳам. Ўрнимдан туриб, хушҳол кутиб олдим.
-Келинг, келинг, опа, ўтиринг.
-Ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми? Қандай асосда ҳадямни қайтариб олсам бўлади?
Суҳбат асносида билдимки, уй-жойини болаларига бўлиб ҳадя қилиб берган. Катта ўғил дарҳол ҳадя қилинган участкани сотиб, шаҳарга кўчиб кетган. Она кичик ўғил билан яшайди. Орадан сал ўтмасдан келиннинг феъли ўзгариб, эри билан уриш чиқарадиган, сал нарсага “энди тақдиринг менинг қўлимда, бирор гап бўлса, судга бериб, уйингни тортиб олиб, ўзингни кўчада қолдираман” деётган эмиш. Ҳатто адвокатга бориб, эрига ҳадя қилиб берилган уйни суд орқали тортиб олиши мумкинми йўқмилигини ҳам билиб келишга улгурибди.
Онахонга тасалли бердим. Ҳадя эр-хотин ўртасида бўлинмаслигини, эр ва хотиннинг шахсий мулки ҳисобланишини тушунтирдим.
Ҳадя ўзи нима? Ўтган сафар нотариус тушунтирганда қулоқ ҳам солмабман, отаси вафот этганига кўп бўлгани йўқ эди, шунга паришонхотир бўлиб, тушуниб олмапман, – деди онахон.
Унга бир пиёла чой узатиб, ҳадя шартномаси ҳақида батафсил тушунтириш бердим. Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради. Ҳадя шартномаси тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, уларнинг нотариал идорага келиб, ихтиёрий равишда ариза билан мурожаат қилганларида, нотариус томонидан шартномани бекор қилиш тўғрисида келишув расмийлаштириши билан, шу билан бирга, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Ҳадя шартномаси бекор қилинган тақдирда, ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни қайтариши лозим.
Онахон ўйлаб қолди.
-Сиз ўйланманг, – дея далда бердим мен. -Кўриб турганингиздек, келинингиз уйингизга даъво қила олмайди. У фарзандлари билан ўша уйда яшаб туриш ҳуқуқи бор, холос.
Мижознинг енгил тортгани қўлида анчадан буён ўйнаб турган пиёлани столга қўйишидан сездим. Ташаккур айтиб чиқиб кетди.
Шу ўринда, нафақат нотариус сифатида, балки оддий фуқаро сифатида тавсиям – албатта, бир ишга қўл урдингизми унинг ижобий-салбий томонларини тарозуга солиб олинг. Сизни жуда шоширтиришаётган тақдирда ҳам, албатта, мутахассис билан маслаҳатлашиб олинг. Кейинги пушаймондан Аллоҳ асрасин.
Муҳаббат Худойбердиева,
Гулистон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус