Бош саҳифаТаҳлилҲайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш тизими:...

Ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш тизими: афзалликлар ва хориж тажрибаси

Ҳозирги кунда бутун дунёда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб муаммолардан бирига айланган. Чунки йўл-транспорт ҳодисалари натижасида мамлакатлар иқтисодиёти жуда катта зарар кўрмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда соҳага тааллуқли қонунлар, ҳукумат қарорларининг янгиланиши, давр талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимчалар билан тўлдириб борилиши ҳам муаммо ечимига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли ушбу қоидалар доимий ва узлуксиз, маҳаллий шарт-шароит, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида орттирилган тажрибалар асосида такомиллаштириб борилиши мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳали ҳам юқори бўлиб, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, йўл инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги қоидабузарликларнинг барвақт профилактикасига йўналтирилган самарали тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, инсон омилини истисно қилувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш талаб этилмоқда.

Буни сўнгги йиллардаги қуйидаги статистик маълумотлардан ҳам кўришимиз мумкин. Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги, 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги ва 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

Мамлакатимиздаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли ташкилий-амалий ишларни амалга ошириш ҳамда юқоридаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2022 йил 4 апрелда Президентнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиққан шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган.

 Йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчилар рағбатлантирилади

Ушбу қарорга мувофиқ, 1 декабрдан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш бошланади. Унга кўра, ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади. Бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи маълум муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

Ушбу чораларнинг қўлланилиш заруратини 2021 йилда аниқланган 7,7 миллион ҳуқуқбузарликдан 46 фоизи қўпол қоидабузарликлар ҳисобланиши ҳамда 2021 йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этганлигида кўришимиз мумкин. Шунингдек, аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган бўлиб, ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди.

Қарорга мувофиқ, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим муассасалари (автомактаблар) ва имтиҳон марказларига фаолиятни амалга ошириш учун лицензия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади.

Автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.

Чорраҳаларда рақамли бошқарув тизими жорий қилинади

Қарорда асосан, 2023 йил якунигача пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида, 2024 йил якунигача Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида рақамли бошқарув тизими жорий қилинади.

Қарор билан 2022 йил 5 апрелдан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этиладиган бўлди.

 

“Хавфсиз йўл” индекси юритилади

Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индекси юритилади. Бунда:

  • индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади;
  • туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.

Қарор билан жорий этилган мазкур тизимнинг афзалликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу тизим Бутун Европа миқёсида ўзини оқлаган, деб айтишимиз мумкин. Чунки, ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларини баллар тизимида баҳолаб бориш жуда ҳам самарали ҳисобланади.

 Хориж тажрибаси қандай?

Бу борада Европа давлатларининг тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирда Европа иттифоқига аъзо бўлган 27 давлатдан 21 таси DPS (Demerit Point System) ёки шунга ўхшаш ёндашувни қўллайди. Яъни ушбу тизим йўл ҳаракатидаги қоидаларнинг назорати ва қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни санкциялаш функциясини бажаради. Унинг энг асосий мақсади ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракатидаги ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ҳисобланиб, одатда ёш ва тажрибасиз ҳайдовчилар учун алоҳида ёндашувни қўллаш ҳисобланади. Бунда ушбу тизим ҳайдовчилар ёки транспорт воситалари эгаларига йўл ҳаракати қоидаларини бузганида жарима ёки қоидабузарлик балларини белгилайди.

Мазкур тизим дастлаб Франция, Нидерландия ва Буюк Британияда  қўлланган бўлиб, кўп ўтмай ўз самарасини кўрсатди. Шундан сўнг, Германия, Австрия ва Финляндияда сезиларли муваффақиятга эришди.

Масалан, АҚШнинг Калифорния штатида ушбу тизим қўлланилиши натижасида суд жавобгарлигига тортилган ҳайдовчилар сони 35 фоизга қисқарди. Ирландияда эса ушбу тизим амалга киритилганидан сўнг кўз жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизиладиган беморларнинг сони сезиларли равишда камайди.

Ушбу тизим афзаллигини ёрқин мисолини Швецияда кўришимиз мумкин. Транспорт ҳаракатининг хавфсизлиги бўйича Швеция ҳар йили жаҳоннинг энг олди беш мамлакати қаторидан жой олувчи давлат ҳисобланиб, ҳатто 2019 йилда дунё томонидан энг хавфсиз йўлларга эга давлат сифатида тан олинди. Ушбу ютуқ Скандинавия давлатининг йўллардаги ўлим ҳолатларига қарши курашишга асосланган Vision Zero дастури билан боғлиқ.

Vision Zero — йўллардаги ўлим ҳолатларига тўлиқ тоқатсизлик концепцияси ҳисобланиб, ушбу концепция 1997 йили Швеция парламенти томонидан қабул қилинди. Ушбу концепциянинг қўлланиши натижасида 2000 йилдан бери Швеция йўлларидаги ўлим ҳолатлари сони 60 фоиздан кўпроққа қисқарди.

Бундан ташқари, шведлар ҳайдовчиликка ўқиш ёшини ҳам 18 ёшдан 16 ёшгача пасайтирган. Бу чора ёшлар автомобилни тўла мустақил бошқаришга киришишидан аввал кузатув остида кўпроқ тажриба тўплаб олиши учун қилинган.

Мамлакатда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун топшириладиган имтиҳоннинг асосий қисмларидан бири — машинани юқори хавф вазиятида бошқариш талабидир. Гувоҳномани олгандан кейинги дастлабки икки йил синов даври бўлиб, йўлдаги қоидабузарлик учун ҳайдовчи гувоҳномасидан соддалаштирилган тартибда маҳрум қилиниши мумкин ва бу қандайдир қисқа муддат автомобилсиз юриш дегани эмас — гувоҳномани қайтариб олиш учун қайта имтиҳон топшириш керак.

Швецияда 2019 йилга келиб енгил автомобилларнинг 99 фоиз ҳайдовчилари ҳаракат вақтида хавфсизлик камарларини тақишни кўнгилли равишда доимий одатга айлантирган.

DPS тизимининг ишлаши бўйича турли давлатларнинг тажрибасини кўриб чиқадиган бўлсак, Кипрда тезликни 25 дан 50 фоизгача ошириш 2 баллдан 4 баллгача, 50 фоиздан ортиқ ошириш эса 6 балл билан жазоланади. Чехияда тезликни ошириш 7 балл билан баҳоланади.

Малтада эса тезликни ошириш 3 баллдан 6 баллгача, ҳуқуқбузарлик одам уриб юбориш билан боғлиқ бўлса 11 баллгача, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш эса 12 балл билан баҳоланади.

Ирландияда барча тезликни ошириш билан боғлиқ ҳолатлар 4 балл билан баҳоланиб, тўпланган баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Буюк Британияда ҳайдовчилар тезликни максимал чегарасидан 10 фоизга оширса, 100 фунт-стерлинг жарима ва 3 жарима балли берилади. Агар тезлик чегарасидан 45 фоиздан ортиқ тезликка оширилса, ҳайдовчи автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Юқоридаги 21 та давлатдан еттитаси ҳуқуқдан маҳрум қилишнинг 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатини қўллайди. Саккизта давлатда эса бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилса, балларнинг амал қилиш муддатлари шунга мутаносиб равишда узайтириб борилади. Бешта давлатда ушбу баллар лимитнинг ошиб кетиши суд қарорлари асосида ҳайдовчиларга нисбатан умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур тизим бир қанча ривожланган давлатларнинг тажрибасига асосланади ҳамда тез орада ўз самарасини берувчи тизим ҳисобланади. Бу қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган энг асосий мақсадлардан бири бу ҳайдовчиларни содир этган ҳуқуқбузарликлари учун жазолаш эмас, балки йўлларда тартиб ўрнатиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.

 

Анвар Усманов,
Тошкент шаҳар суди судьяси 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз