Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариҲайратланарли кредит найранглари: киберфирибгар нима учун 8...

Ҳайратланарли кредит найранглари: киберфирибгар нима учун 8 йилга «кесилди»?

Бугун маълум миқдордаги кредитларни олиш учун банк биносига бориш ҳам шарт эмас. Уйдан чиқмаган ҳолда банк иловасидаги белгиланган устунларни тўлдирсангиз бас, пуллар электрон ҳамёнингизга ўтказиб берилади. Бундай қулайликдан кўпчилик кредит олишни ният қилганларнинг заҳмати енгиллашди. Аммо… бу имкониятдан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга улгуриб қолаётган “учарлар” ҳам орамизда йўқ эмас. Хусусан Э. Эшдавлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га суднинг қора курсиси ва қамоқхона панжаралари бегона эмас. У қилган жиноятларидан  хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиш ўрнига ақлга сиғмайдиган даражада бирин-кетин иқтисодий жиноятларни содир эта бошлаган. Ҳатто шунчалик устаси фаранг бўлиб кетганидан одамларнинг ишончига кириб, катта миқдордаги пулларни ҳам ҳеч қийналмасдан қўлга киритди.

Охири йўқ жиноятлар “бунёдкори”

1998 йилда туғилган  Э.Эшдавлатов муқаддам бир неча бор судланган. Биринчи марта, 2016 йилда жиноят ишлари бўйича Хива туман суди ҳукмига кўра, ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми, 165-моддаси 2-қисми “а” банди, 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 25 ва 243-моддаси 1-қисми билан айбланган. Аммо жиноят иши амнистия актига асосан тугатилган.

2017 йилда эса “қаҳрамонимиз”га ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман судининг 2018 йил 29 ноябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 3  йил 7 ой 26 кун жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2019 йил 10 октябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 75-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилинган, ЖКнинг 78-моддаси “д” бандига асосан судланганлик ҳолати тугалланмаган.

Шу сабабли 2021 йил 6 декабрь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судланувчи Э.Эшдавлатовга оид жиноят ишини Урганч шаҳар прокурори томонидан келтирилган апелляция протести ва судланувчи Э.Эшдавлатовнинг апелляция шикояти асосида кўриб чиқди.

Ҳайратланарли кредит найранглари

Э.Эшдавлатов муқаддам судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан тинч юрмайди. Қонун билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиб, ўз найрангларини бошлаб юборади. У АТБ “Агробанк” Хоразм вилояти филиалларидан кредит олиш ва кредитларни нақдлаштириб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида, қонуний асосларда бирон-бир тадбиркорлик фаолият тури билан амалда шуғулланмасдан, ноқонуний йўллар билан, яъни банклар томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит маблағлари ажратилаётганидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттириш мақсадида, ўзининг номига вилоятнинг 9 та туманида 21 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилади. Ушбу субъектларнинг ҳисоб рақамларини “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларида очиб, 17 та тадбиркорлик субъектларига 1 млрд. 212 млн. сўмлик “Онлайн” ҳамда “Овердрафт” электрон кредитларини олади. “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларининг жами 2 млрд. 705 млн. 55 минг. 695 сўмлик кредит маблағларининг ажратилишига эришади.

Битта бизнесни гуллаб-яшнатишга асқотадиган бу пулларни, афсуски, жиноятчи компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзи бошқариб келаётган “Soyotli usta quruvchi” МЧЖнинг ҳисоб-рақамига “қурилиш маҳсулотлари сотиб олиш учун”, деб ўтказиб, шунчаки шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Ишонч инсонлар ўртасидаги жуда улуғ фазилат. Баъзида бирор инсоннинг ишончини қозониш учун йиллар керак бўлади, баъзан эса бир неча уринишнинг ўзи кифоя. Хўш, “қаҳрамонимиз” буни қандай уддалади? Тўрига илинмоқчи бўлиб турган тилла балиққа озгина хўрак ташлади ва буткул ишончига кирди. У фуқаро Ф.И билан учрашиб, унга тегишли бўлган Янгибозор туманида жойлашган дала шийпонини 600,0 млн. сўмга сотиб олишга келишиб, олдиндан 140,0 млн. сўм пулларни беради ва қолган 460,0 млн. сўм пулларни дала шийпонини банкдан олиниши лозим бўлган кредит маблағи эвазига гаров таъминоти сифатида қўйиб беришини сўрайди. Табиийки, пулнинг бир қисми қўлига текканидан хурсанд бўлган жабрланувчи унга буткул ишонади ва моҳир фирибгар  “Агробанк” Қўшкўпир тумани филиалидан 1.212 млрд. сўм кредит маблағи олишга эришади. Энг қизиғи, у ҳеч нарса бўлмагандек, Ф.Ининг дала шийпони учун ваъда қилган пулларни унутади. Олинган кредит маблағини ҳам қайтармаганлиги сабабли аёл кишининг гаровга қўйилган дала шийпони банк томонидан мусодара этилади.

Уй олиб бераман” деб чув туширди

Хўш, жиноятчи шу билан тинчидими? Йўқ, у янги ўлжалар қидиради. Лаққа тушадиганларнинг ҳам топила қолганини қаранг.

Э.Эшдавлатов иккинчи ўлжасини қўлга киритиш учун режа тузади. Фуқаро У.М.  билан учрашиб, унга Урганч шаҳрида яхши жойлашув ўрнига эга бўлган манзилдан “Ипотека” асосида қурилаётган уйдан олиб беришни ваъда қилади ва унинг 100,0 млн. сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Тикув машиналари ҳам, 30 миллион ҳам йўқ

Пешона тери тўкмай миллион-миллионларни қўлга киритишга ўрганиб қолган жиноятчи тикув цехи раҳбари  Ч.Ибрагимова билан учрашиб, 2020 йил 10 август куни ўз раҳбарлиги асосида фаолият юритиб келган “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ номидан 12-сонли шартнома расмийлаштириб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан тикув машиналарни етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 30,0 млн. сўм маблағни ўтказиб олишга эришган. Аммо тикув машиналаридан ҳанузгача дарак йўқмиш.

Касбга айланган фирибгарлик

Энди Э.Эшдавлатов ўзига жиноий шерик топиб, таниши Р.Ж билан олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро Қ.Т билан учрашади ва олдинги ҳийласини қўллаб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан сув тозалаш ускунаси етказиб беришни айтади. Жамият ҳисоб рақамига Қ.Тга ажратилган 50,0 млн. сўм кредит маблағини ўтказиб олишга эришиб, бироқ жабрланувчига сув тозалаш ускунасини етказиб бермайди. Худди шу йўл билан жиноий шериги иштирокида фуқаро М.Дга маиший техника воситаларини етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 15 млн. сўм пулни ўтказиб олади, маиший техника воситаларини етказиб беришни эса шунчаки  эсдан чиқаради.

Бундан ташқари, Э.Эшдавлатов 2020 йил 28 октябрь куни фуқаро Д.Р билан учрашиб, унга “Ипотека” банкдан 1.5 млрд. кредит маблағи олаётганлиги сабабли ҳужжатлар учун 50,0 млн. сўм зарурлигини айтади ва алдаб, унинг 50,0 млн. сўм пулини чўнтакка уради.

Бойлик васвасаси

Э.Эшдавлатов ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, “Khiva Pay-Servis” МЧЖ фаолиятини 2020 йилдан бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган қурилиш материаллари ва ёғоч каби маҳсулотларни савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган ҳолда нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 1 млрд. 129 млн. 445 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган. Давлат солиқ идораларига топширилган ҳисоботларда ушбу нақд пул тушумлари кўрсатмаганлиги натижасида 291 млн. 379 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги давлат томонидан белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Шунингдек, “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ фаолиятини 2015 йил 23 июлдан ҳозирги кунга қадар бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган юқори ликвидли маҳсулотларни нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 231 млн. 154 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг апрель ойидан 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар бўлган давр мобайнида давлат солиқ органларига тақдим қилган ҳисоботларида товарлар реализация қилинганлиги ҳисоботларда яширилганлиги натижасида жами 42.221.000 сўм миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб, давлат манфаатларига иқтисодий зарар етказган.

Нима учун протест киритилди?

Протестда, биринчи инстанция суди жиноят натижасида етказилган зарарлар тўлиқ қопланмаган бўлса-да, Э.Эшдавлатовга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини нотўғри қўллаб, асоссиз енгил жазо тайинлагани ҳамда Э.Эшдавлатов фирибгарлик йўли билан 2.705.055.695 сўм пул маблағини қўлга киритган бўлса-да, иқтисодий суд томонидан ундан ушбу пул маблағи ундирилиши белгилангани сабабли Э.Эшдавлатовдан 2.705.055.695 сўм пул маблағини ундиришни белгиламасдан хатога йўл қўйганини инобатга олиб, суд ҳукмини бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқариш сўралган. Судланувчи Э.Эшдавлатов апелляция шикоятида, ўзига тегишли бўлган корхоналар томонидан қонуний асосда кредит олингани сабабли ушбу айб эпизодларида фирибгарлик жинояти аломатлари мавжуд эмаслигини инобатга олиб, айбидан чиқаришни ва жазони енгиллаштиришни сўраган.

Ниҳоят, сўнгги ҳукм!

Судлов ҳайъати томонидан жиноят иши ҳар томонлама синчковлик билан ўрганилиб, қайд қилинганларга асосан, судланувчига янги ҳукм чиқарилди.

Унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йилу 1  ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчи Э.Эшдавлатовдан фуқаровий даъвогарларга етказилган зарарлар қайтарилиши, тўлашдан бўйин товланган 934.804.200 сўмлик солиқ ва бошқа йиғимлар Урганч шаҳар ДСИ орқали тегишли тартибда давлат бюджети фойдасига ундирилиши ҳамда  даъвогар “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалига етказилган  қопланмасдан қолган 965.512.228 сўми судланувчидан “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиали фойдасига ундирилиши белгиланди.

Хулоса

Қилган фирибгарликлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлаётган бу 24 ёшли йигит агар шу ақли ва имкониятларини қинғир ишларга сарфламаганида балки бугун ундан юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган кучли тадбиркор етишиб чиқарди. Афсуски, энди у умрининг энг гуллаган ёшлик йилларини панжара ортида ўтказади.  Бировнинг ҳақини ейиш қонунларимизда жиноят бўлса, динимизда улкан гуноҳдир. Жиноятларимиз учун қонун олдида, гуноҳларимиз учун эса Аллоҳнинг ҳузурида савол-жавобга тутилишимизни эсдан чиқармайлик.

Ойбек МАҲМУДОВ,
Хоразм вилоят судинингжиноят ишлари бўйича судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз