Маълумки, ҳар бир маҳалла ёки қишлоқ ва туманда ўзининг қайсидир жиҳати билан ном таратган инсонлар бўлади. Агар унинг машҳурлиги фидокорона меҳнати, олийжаноблиги ҳамда сахийлиги туфайли бўлса жуда яхши. Аксинча, эса….
Олтиариқлик Раҳмонберди Тожибоев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам қора қилмишлари билан туманда, айниқса, “ўтириб чиққан”лар орасида ном қозонган. Чунки у дастлаб – бундан 27 йил муқаддам валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш ҳамда қотиллик жиноятини содир этган бўлса, ўтган давр мобайнида 5 маротаба фирибгарликнинг турли кўринишларини содир этди. Тўртинчи маротаба эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди, 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди, 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этгани сабабли жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг 2016 йил 29 апрелдаги ҳукмига асосан узил-кесил 5.489.385 сўм жарима ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. Шу билан бирга, кодекснинг 34-моддасига мувофиқ, ўта хавфли рецидивист деб топилган.
Сўнгги маротаба жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2017 йил 26 сентябрдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари, 211-моддаси 2-қисми “а” банди билан узил-кесил 11.938.500 сўм жарима ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Аммо жазо муддатини ўташда итоатсизлик ва интизомсизлик қилгани боис жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2018 йил 21 сентябрдаги ажрими билан ўталмай қолган жазосини қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланган. Умуман олганда, 2015 йил 26 ноябрь кунидан буён у темир панжаралар орасида “умргузаронлик” қилмоқда. Лекин шунда ҳам тайинланган жаримани тўламаган.
Буни қарангки, жазо муддатини ўташ мобайнида Раҳмонберди аканинг 2013 йилда содир этган яна бир фирибгарлиги фош қилинди.
Гап шундаки, Бешариқ туманида жойлашган “Бек каратэ” клуби ҳамда сабзавотчиликка ихтисослашган “Ашурматов Бекмирзо орзуси” фермер хўжалиги раҳбари Давронжон Ашурматов 2012 йилда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида бўлиб ўтган каратэ мусобақасида тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Дониёр Султонов билан танишиб қолади. Кейинчалик иккала ҳамкасб каратэ спортини ривожлантиришда ҳамкорликда иш бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида – Даврон ака Бешариқда юрган пайтда Д.Султонов унга қўнғироқ қилади.
-Эртага Тўйтепага етиб келинг. Сизни бир қадрдоним билан таништириб қўяман. У киши юқори лавозимда ишлайди, вақти келиб сизга керак бўлиб қолади,-дея оғиз кўпиртиради Дониёр.
Шунга биноан, орадан 1-2 кун ўтгач, фермер пойтахт вилоятига келади. Салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтиришганда эса уларнинг олдига костюм шим ва оқ кўйлак кийган бир киши кириб келади. Пўрим кийинган ҳалиги кимсани кўриб, “Айтган юқори лавозимдаги одами шу бўлса керак-да” деб ўйлайди Д.Ашурматов.
-Асли марғилонликман. Исм-шарифим Нурмуҳаммедов Баҳодир Эргашович. Ҳозир Тошкентда, Миллий хавфсизлик хизматида ишлайман,-дея алдайди Р.Тожибоев.
-Мен ҳам танишганимдан хурсандман,-дейди унинг гапларига лаққа ишонган Давронжон ака.
Мана шу тариқа танишишгач, ўзининг телефон рақамини унга беради “МХХ” ходими.
-Керак бўлсам, телефон қилинг. Ҳар қандай муаммони ҳал қиламиз,-деб айтади Раҳмонберди ака ўзига нисбатан ишончни янада ошириш учун.
Боз устига кейинги учрашувда у эгнида ҳарбий кийим билан келади. Мақсади битта – тезроқ Даврон Ашурматовнинг ишончини қозониш эди.
Шунинг учун бўлса керак, меҳмонга “Қуръони Карим”нинг аудио нусхаси ёзилган ручка совға қилади “Баҳодир Нурмуҳаммедов”.
-Иложи бўлса, буни ота-онангизга олиб боринг,-деб тайинлайди у.
Шундан сўнг кўп ўтмай, яна телефон орқали боғланишади улар. Аниқроғи Раҳмонберди Тожибоевнинг ўзи қўнғироқ қилади Д.Ашурматовга.
-Республика бўйича ЖИЭМларга куратор бўлдим. Яқинда Фарғонага текширишга бораман, кутиб оларсиз?,-сўрайди ёлғону фирибнинг ҳадисини олган “қаҳрамон”имиз.
-Албатта, бемалол келаверинг. Биз ҳамиша тайёрмиз,-дейди мезбон.
Ваъда берганидек, Даврон ака Р.Тожибоевни илиқ кутиб олиб, қуюқ меҳмон қилади. Суҳбат асносида эса яна фириб тўрини ёзади меҳмон.
-Керак бўлса, сизга Тошкентдаги дехқон бозорларидан бирининг раислигини олиб бераман. У ерда сизни Тошкент шаҳар прокурори қўллаб туради. Шунинг учун пойтахтга кўчиб келинг.
У шундай деб ўзини аввалгидан ҳам ҳожатбарор, дасти ҳамма жойга етадиган қилиб кўрсатади. Д.Ашурматов эса бу гапларни эшитгани сайин “нақадар улуғ” инсон билан танишиб қолганидан мамнун бўлавеади. Шунинг учун 2013 йилнинг февраль ойида Раҳмонберди ака телефон орқали 10.000 АҚШ доллари қарз сўраб, 10 кун ичида қайтаришини айтганда ҳам ҳеч иккиланмай пул беради. Ўз навбатида Р.Тожибоев ҳам янада унинг ишончига кириб олиш мақсадида олган қарзини айтган муддатида қайтаради.
Буни қарангки, орадан салкам 9 ой ўтгач, аниқроғи 2013 йил ноябрь ойида сохта амалдор аввалдан режалаштирган ишига қўл уради. Яъни Голландия давлатидан зотдор қорамоллар келаётганлиги, агар пул берса, олиб келиб бериши мумкинлигини айтади мақтанганнамо. Шу боис Даврон ака Раҳмонберди акага чиппа-чин ишонади. Оқибатда оила аъзоларининг гувоҳлигида 200 бош қорамол учун 1.000.800.000 (бир миллиард саккиз юз минг) сўм пулни санаб беради Р.Тожибоевга. Бунинг учун эса у Яккатут қишлоғида жойлашган ҳовлисини сотибгина қолмай, қариндош-уруғ ва дўсту биродарларидан қарз олади ҳам. Бироқ ваъда қилинган муддат яқинлашади ҳамки қорамолдан дарак бўлмайди. Бинобарин, Д.Ашурматов кўнглига ғулғула тушиб, дасти узун оғайнисига қўнғироқ қилади.
-Зотдор молларимиз қачон келади?,-деб сўрайди ўшанда. Лекин Раҳмонберди Тожибоев энди турли баҳоналар ишлатишга ўтади. Кўп ўтмай эса телефонини буткул ўчириб олади. Шунинг учун 2014 йил август ойига қадар уни қидиради ҳақдор. Аммо фирибгарни топа олмайди. Пировадида Бешариқ туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят ариза билан мурожаат қилади жабрланувчи. Бундан аввалроқ уни Риштон тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими ходимлари ҳам чақиришади.
-Баҳодир Нурмуҳаммедовни танийсизми?,-деб сўрайди терговчи йигит.
-Албатта, мен у ярамасни қидириб юрибманку ахир,-дейди Даврон ака.
-Ҳозир унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Асли исми Раҳмонберди Тожибоев, айни пайтда қидирувга берилган,-дея сўзини давом эттиради терговчи.
Ана шундагина Д.Ашурматов ўзининг алданганини англаб етади. Бироқ Р.Тожибоев ўша пайтда жазони ижро этиш муассасасида бўлиб, бошқа фирибгарликлари учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эди. Бинобарин, янги мурожаат асосида айбдорга олтинчи маротаба жиноят иши қўзғатилади. Натижада у жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судида бўлиб ўтган суд мажлисига жазони ижро этиш муассасасидан олиб келинади.
Энг эътиборлиси, судланувчи ҳасса таянган ҳолда судга келади. Лекин қонун барчага баробарлиги инобатга олиниб, суд уни эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топди. Шу моддага асосан ҳамда жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2017 йил 26 сентябрдаги ҳукмига биноан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 11.938.500 сўм жарима жазоси тайинланди. Жазо тайинлашда эса фирибгар отахоннинг ўта хавли рецидивист деб топилганлиги ҳам инобатга олинди. Энг муҳими, озодликдан маҳрум қилиш жазосини махсус тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди.
Агар жиноят иши ҳужжатларига эътибор берилса, Раҳмонберди Тожибоев шу йилнинг 20 май кун 70 ёшга тўлади. Аммо инсон учун ана шу табаррук ёшда оиласи, набиралари қуршовида эмас, темир панжаралар ортида ўтириш нақадар ачинарли.
-Қамоқдан чиққанимдан кейин тўлайман келтирган зараримни,-дея кзрсатма берди у суд мажлисида.
Бироқ озодликка чиққач чиндан ҳам унинг бир миллиард сўмдан ортиқ маблағни топиб тўлай олишига ишониб бўладими?
Музаффар ЭГАМОВ,
Бешариқ туман прокурори
Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг раиси