Ҳаёт кино эмас

“Автомобилдан сақланинг” фильми барчамизга таниш. Фильм қаҳрамони замонасининг ўзи таниган, билган ёлғончиларини ўз қоидаси бўйича жазолайди. Улардан энг севимли нарсасини — машинасини олиб қўяди ва сотиб юборади. Пулларни эса болалар уйига топширади. Автомобиллар ҳақида фильмлар кўп, айниқса, унинг эпизодлари кўпчиликка ёд бўлиб кетган.
Мурод Турдиевнинг (исм-шарифлари ўзгартирилган) фильм қаҳрамони билан ўхшаш жиҳатлари кўп. Айниқса, ўттиз бешга кириб ҳам ақли кирмагани. Аёли билан ярашиб, икки фарзандини бағрига босиб, бахтиёр ҳаёт кечирса бўларди, аммо нафсини жиловлай олмай ичкиликка ружу қўйиб, ўзини тубанлик ботқоғига ташлади.
Бу галги зиёфатдан кейин унинг ёдига ўзи ишлайдиган ишхонасининг қоровули тушиб қолди. Гап шундаки, Мурод катта бир корхонада ишлар, уйида оиласи кутмагани учун ҳам корхонага қарашли ётоқхонада яшарди. Корхона қоровуллари тартибли кишилар эди. Шу сабабдан ичганларни корхона ҳудудига йўлатишмасди.
Бошпанасиз қолишдан қўрққан ширакайф Мурод, яқин орадаги меҳмонхонага жойлашди-ю, маишатни давом эттирди. Жойлашганидан икки кун ўтгач меҳмонхонадагилар ижара пулини талаб қилишди. Икки кун тинимсиз ичиб, бор будини совурган Мурод, меҳмонхонадан паспортини гаровга қўйиб, пул топиш илинжида чиқиб кетди.
Боши тинимсиз оғриб, ичкилик хумор қиларкан, у тезроқ ароққа пул топишни ўйларди холос. Йўлда кетаётиб кўп қаватли бинолар яқинида қаровсиз қолдирилган “Nexia -2” русумли автомобилга кўзи тушиб қолади. Ичкилик таъсирида эмасми, хаёлига машинага ўтириб, печкасини ишлатиб исиниб олиш фикри келади-ю, эшиги очиқ қолган машинага ўтириб олади.
Мурод машинани ўт олдириб бир оз ўтиргач, ичкилик олиш учун пул қидиради. Озроқ бўлса-да пул топиб севинганидан машинани бошқариб дўкон излаб кетади. Маст ҳолатда машина бошқаришнинг аянчли оқибатларини у қаердан билсин? Ахир гап уқмайдиган, сиркаси сув кўтармайдиган хилидан бўлса!
Машинани икки чақирим ҳайдамасиданоқ бошқарувни йўқотиб дарахтга бориб урганидан кейингина кайфи тарқаган Мурод, ҳеч ким кўрмаганидан фойдаланиб, воқеа жойидан қочиб қолади. Такси тўхтатиб, йўл-йўлакай ҳайдовчига никоҳ узугини пуллаб, меҳмонхона тўловини тўлайди ва паспортни олиб қишлоғига равона бўлади.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейишади. Машина ўғрисини воқеа жойидаги кузатув камералари ва бармоқ излари фош қилди. Кино — ҳаётда содир бўлган ва бўлиши мумкин бўлмаган ҳодисалар асосида яратилса, ҳаётни эса инсоннинг ўзи, ўз қўллари билан яратади.
Балки Мурод буни кеч бўлса-да англаб етар.

Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз