Қибрай тумани ҳокимлиги эътиборига!
Ўқишни ўргатган ким? Ўқитувчи. Қўлимиздан тутиб ёзишни ўргатган-чи? Ўқитувчи. Оқ-қорани танитган ким? Ўқитувчи… Хуллас, ўқитувчи бўлмаса биз ҳам ҳеч ким эмасмиз.
Аммо ана шу ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнати эвазига ўқиб-ўрганиб, кун келиб бирор бир мансаб эгаси бўлиб, курсига ўтириб қолсак ўша ўқитувчиларни айримларимиз назар-писанд қилмай қўямиз. Керак бўлса, ўқитувчини ўзимизга хизмат қилдиришгача борамиз.
Энг қизиғи, айтаётганларимиз фақат ўтмишда эмас, ҳозир сизу биз яшаётган замонда ҳам содир бўлмоқда. Яхшиси яқинда бир ўқитувчининг таҳририятимизга йўллаган мурожаатини келтириб ўтсам, ўзингиз вазиятни англаб оласиз, деб ўйлайман.
“Мен Гулҳаё Сулаймонова Қибрай туманидаги 10 мактабда ўқувчиларга информатика фанидан сабоқ бераман. 2020 йилнинг 28 декабрь санасида мактаб директори Назира Бозорбоева менга Қибрай тумани ҳокимининг Хотин-қизлар бўйича ўринбосари Саодат Солиҳовага бориб учрашишимни, унинг ишларига ёрдам беришимни айтди. Директор айтгани учун йўқ деёлмадим, ҳокимиятга бордим. Аммо мени ҳокимият эшигидан киритмади, чамаси ярим соатлар ҳоким ўринбосарини кутиб ўтирдим.
Ҳавонинг азбаройи совуқлигидан қўл-оёқларим ҳам ҳаракатга келмай қолди. Шундан сўнг хўжайинимга телефон қилиб, ҳолатни тушунтирдим. У менга уйга кетаверишимни, ҳоким ўринбосари билан ўзи гаплашишини айтди. Шундан сўнг мен уйга кетмадим-да, шу кунларда соғлигим ёмонлашиб юрганлиги боис, тумандаги касалхонага бориб қон анализларини топширдим.
Касалхонадан чиққанимдан сўнг яна ҳокимиятга бордим. Ҳар тугул директор топшириқ берган. Яна эртага бирон-бир кор-хол бўлиб юрмасин, деган мақсадда.
С.Солиҳованинг олдига кирсам менга хўжайинингиз телефон қилди, сизни бошқа мақсадда чақирган эдим, яъни пуллик иш таклиф қилмоқчи эдим, деди. Шундан сўнг ҳоким ўринбосари кетаверишимни айтар экан, орқасидан мактабларингни текширтираман, деган гапни ҳам қўшиб қўйди.
Билмадим, ҳоким ўринбосари менга қандай пуллик иш таклиф қилмоқчи эди-ю, яна орқасидан мактабларингни текширтираман, дегани нимаси бўлди? Хуллас, ҳоким ўринбосари вазиятдан чиқиш учун ўзини пайсалга солаётгани шундоқ аён бўлиб турибди.
Ҳоким ўринбосарининг иши кўпайиб кетса, ўқитувчида нима айб? Ўқитувчининг иши кўпайса ҳоким ўринбосари келиб дарс ўтиб бермайди-ку!
Менга алам қилаётгани ҳоким ўринбосарининг юмушини бажариш эмас. Совуқда уни кутганим, яна орқасидан менга босим ўтказиб, мактабларингни текширтираман, дегани.
Хуллас, буёғи нима бўлади, билмадим”.
Таҳририят: Ҳурматли мутасаддилар!
Ҳолатни англаган бўлсангиз бунга чора кўрасиз, деган умиддамиз. Ҳар қалай раҳбарлик курсисига ўтириб, босар-тусарини билмай қоладиганларни деб миллат болаларига таълим-тарбия бераман деган катта мақсадлар билан эндигина иш бошлаган бир фидойи ўқитувчининг ўз касбидан совушига йўл қўймассиз!
Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
Журналист