“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган 13 та принципларга асосанланди. Хусусан:
Ишончлилик принципига кўра маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.
Яъни, маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш (қонунда шундай талаб аниқ белгилаб қўйилган ҳолатлар бундан мустасно) тақиқланади.
Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда маъмурий орган унинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш чораларини кўради.
Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи принципи мавжуд. Ушбу принципда маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган. Буни барча маъмурий органлари билиши ва ушбу принципга қатъий риоя қилишлари шарт.
Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи мавжуд. Унга кўра маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.
Маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим. Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.
Қонунийлик прниципига кўра барча маъмурий тартиб-таомиллар Конституция ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши шарт.
Мутаносиблик принципида маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги белгиланган.
Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципида манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланган.
Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлмайди.
Мазмунан қамраб олиш принципи. Ушбу прниципда маъмурий органлар манфаатдор шахсларга илгари ушбу шахслар томонидан бошқа ҳаракатлар доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Яъни, маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас. Маъмурий органларнинг ушбу принципларга риоя қилмаслиги кўплаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг овора бўлишига олиб келади.
Маъмурий иш юритишни “бир дарча” орқали амалга оширилиши принципи. Бунда бир маъмурий орган бошқа маъмурий органлардан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилган ҳолларда, маъмурий иш юритиш “бир дарча” принципи бўйича амалга ошириб, зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз, идоралараро ўзаро ҳамкорлик воситасида олиши белгиланган.
Тенг ҳуқуқлилик принципи. Ушбу принцип маъмурий органларга бир хилдаги ҳақиқий ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда тенг бўлмаган ёндашувни намоён этишни тақиқлаёди. Аксинча, ҳақиқий ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўймайди. Яъни, маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) бир хил усулда амалга ошириши шарт.
Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципига кўра виждонан ҳаракат қилган манфаатдор шахснинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши керак.
Маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги принципи мавжуд бўлиб, унда маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ва ваколатига мувофиқ амалга ошириши шартлиги белгиланган.
Текшириш принципида эса маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шартлиги, зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақлилиги белгиланган.
Маъмурий органлар ушбу принципларни билишлари ва қарор қабул қилишда ушбу принципларга қатъий риоя қилишларилари лозим. Зеро, маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқ маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш ёки маъмурий ҳаракатларни амалга ошириш келгусида ушбу маъмурий ҳужжатларни ва маъмурий ҳаракатларни бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Бунёд АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи